АҚШ Эронга зарба ортидан терактларга қарши тайёргарлик бошлади
Олам
−
23 Июнь 5594 2 дақиқа
АҚШ ҳукумати Эрон ҳудудларига йўналтирилган зарбалардан сўнг мамлакат ичкарисида террорчилик ҳужумлари хавфи кучайгани ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда мамлакатнинг террористик таҳдидлар бўйича миллий огоҳлантириш тизими шу мазмундаги бюллетенни эълон қилди.
Расмийнинг билдиришича, Эрон атрофида давом этаётган можаро АҚШ учун оширилган хавф солмоқда. Ушбу огоҳлантириш АҚШнинг кеча, 22 июнь куни Эрондаги бир қатор объектларга берган ҳужумидан сўнг эълон қилинди. Ҳозирда огоҳлантириш 22 сентябргача амал қилади.
Хусусан, фуқароларга яқин кунларда Эронни қўллаб-қувватловчи кучлар томонидан АҚШдаги тармоқларга нисбатан киберҳужумлар эҳтимоли борлиги айтилди.
“Бундан ташқари, Эрон 2020 йил январь ойида ўлдирилган ҳарбий қўмондонининг ўлими учун масъул деб ҳисоблайдиган АҚШ ҳукумат мансабдор шахсларига ҳужум қилиш ниятида экани анчадан бери маълум. Агар Эрон раҳбарияти АҚШ ҳудудидаги нишонларга нисбатан зўравонликка ундовчи диний фатво чиқарса, мамлакат ичкарисидаги радикал экстремистларнинг зўравонликка ўз-ўзидан сафарбар бўлиш эҳтимоли ортиши мумкин”, дейилади баёнотда.
Маълумотларга кўра, АҚШда сўнгги вақтларда содир этилган кўплаб террорчилик ҳаракатларига антисемитик ва Исроилга қарши кайфият сабаб бўлган.
“Давом этаётган можаро оқибатида АҚШ ҳудудида яшовчи айрим шахслар янги ҳужумлар тайёрлашни бошлаши мумкин”, дейилади расмий огоҳлантиришда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 июнь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Америка самолётлари Эрондаги учта ядровий объект – Фордо, Натанз ва Исфахонга зарба берганини маълум қилганди. У мазкур ҳужумни Америка Қўшма Штатлари, Исроил ва бутун дунё учун тарихий лаҳза эканини таъкидлаган. Президент Трамп кейинчалик Америка халқига телевизион мурожаат ҳам йўллаган ва “Зарбалар ажойиб ҳарбий муваффақият бўлгани”ни айтган.
Live
Барчаси