АҚШ-Эрон музокараларининг 2-раунди қачон бўлиши айтилди

Олам

image

Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги, иккинчи босқичи 19 апрель куни худди шу даражада Уммонда бўлиб ўтади. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи маълум қилди.

“Музокараларнинг иккинчи босқичи келаси ҳафта, шанба куни бўлиб ўтишига келишиб олинди. Ҳаммаси бир хил даражада Уммонда ўтказилади, аммо жой бироз ўзгариши мумкин”, деди Ароқчи.

Эрон ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, Эрон ва АҚШ имкон қадар тезроқ келишувга эришишга интилмоқда.

“Биз ҳам, нариги томон ҳам бефойда музокаралар, музокаралар учун музокаралар ва вақтни беҳуда сарфлашни хоҳламаймиз. Ҳар икки томон имкон қадар тезроқ келишувга эришмоқчи эканини тан олди”, деди у.

Ароқчининг таъкидлашича, Уммондаги музокаралар чоғида Эрон ва АҚШ делегациялари воситачилар орқали тахминан тўрт марта хабар алмашган. Унинг сўзларига кўра, 2,5 соат давом этган мулоқот давомида тинч муҳит ҳукм сурган ва Вашингтон вакилларидан ҳеч қандай таҳдид бўлмаган.

“Энди биз музокараларнинг ўтган раундини таҳлил қилишимиз, ўйлаб кўришимиз ва турли даражадаги маслаҳатлашувлар ўтказишимиз керак”, деб қўшимча қилди Эрон Ташқи ишлар вазири.

Ароқчининг сўзларига кўра, кейинги учрашувда томонлар “келажакдаги келишувнинг умумий асосларини” муҳокама қилишни бошлашлари мумкин.

Маълумот учун, бугун, 12 апрель куни Уммонда Эрон ядро дастури атрофидаги вазиятни ҳал қилиш учун Эрон ва АҚШ расмийлари ўртасида билвосита музокаралар бўлиб ўтди. Эрон делегациясига Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи, Америка томонидан эса АҚШ Президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф бошчилик қилди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, учрашув конструктив руҳда ўтган ва томонлар музокараларни келаси ҳафта давом эттиришга келишиб олган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Аббос Ароқчи Стивен Уиткофф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг