АҚШ Эрон билан урушда ўта муҳим захираларини сарфлаб бўлди – FT
Олам
−
13 Март 4631 2 дақиқа
АҚШ Эронга қарши ҳарбий операция бошланганидан буён бир неча йил давомида тўпланган ўта муҳим ўқ-дорилар захирасини сарфлаб юборди. Бу ҳақда учта хабардор манбага таяниб, “Financial Times” (FT) нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, АҚШ арсеналининг тез суръатлар билан бўшаб қолиши, биринчи навбатда, Tomahawk қанотли ракеталари захирасининг камайиши билан боғлиқ.
“Ҳарбий-денгиз флоти ушбу харажатларнинг оқибатларини бир неча йил давомида ҳис қилади”, дея иқтибос келтиради газета ўз манбасидан.
FT хабарига кўра, яқин кунларда Пентагон Оқ уй ва Конгрессга мудофаа эҳтиёжлари учун 50 миллиард долларгача қўшимча маблағ ажратиш тўғрисида расмий сўров юбормоқчи. Бозор иштирокчилари ушбу сўров Капитолий тепалигида кескин баҳсларга сабаб бўлишини тахмин қилмоқда, чунки ҳар икки партия қонунчилари бундай харажатларнинг кўлами ва зарурлигини шубҳа остига қўймоқда.
Республикачи сенатор Лиза Мурковски Пентагон тўлиқ асослантирувчи ҳужжатларни тақдим этиши кераклигидан огоҳлантирган.
“Пентагон Конгресс билан ҳамкорлик қилиши ҳамда сўралган маълумот ва асосларни тақдим эта олиши шарт”, дейилади хабарда.
Операция қиймати шиддат билан ортиб бормоқда. Пентагоннинг Конгресс учун ёпиқ брифингда берган маълумотларига кўра, жанговар ҳаракатларнинг дастлабки олти кунида харажатлар 11 миллиард доллардан ошиб кетган. Ушбу маблағларнинг асосий қисми ўқ-дориларга сарфланган. Кунлик харажатлар тахминан 1 миллиард долларни ташкил этмоқда.
28 февралда бошланган АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши қўшма операцияси жиддий геосиёсий оқибатларга олиб келди. Эрон обектларига берилган зарбалар Теҳрондан жавоб қайтарилишига сабаб бўлди – у АҚШнинг Баҳрайн, Қатар, Қувайт ва БАА даги базаларига ҳужум қилди. Можаро оқибатида Ҳормуз бўғози орқали кема қатнови деярли тўхтаб қолди, бу эса жаҳон бозорида нефть нархининг бир баррель учун 100 доллардан ошиб кетишига туртки бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Россия нефть маҳсулотларини кемаларда ташишга қўйилган айрим чекловларни вақтинча бекор қилган эди.
Live
Барчаси