АҚШ Эрон билан катта урушга тайёргарлик кўрмоқда – WP

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “The Washington Post” хабар берди.

Манбаларнинг маълумотларига кўра, сўнгги бир ҳафта ичида Эрон зарбалари оқибатида тўрт нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлганидан кейин кенг кўламли операция режаси муҳокама қилинмоқда.

“Пентагон янада йирикроқ урушни режалаштирмоқда”, дея маълум қилган нашр манбаларидан бири анонимлик шарти билан.

Шу билан бирга, “The Washington Post” манбасининг сўзларига кўра, Яқин Шарқдаги америкалик ҳарбийларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) тизимлари учун ракеталари ва узоқ масофали ўқ-дорилари захираси тугаб бормоқда, ҳарбий инфратузилмага етказилган зарар туфайли эса ресурсларни қайта жойлаштириш қийинлашган. Унинг айтишича, АҚШ қуруқликдаги операция бошланган тақдирда Эрон зарбаларини самарали қайтаришга ҳам тайёр эмас.

“Бизда операцияларни хавфсиз қўллаб-қувватлаш учун маблағ ва воситалар етарли эмас ва Оқ уй бундан хабардор деб ўйламайман”, дейди у.

Ҳозирча эса АҚШ кетма-кет тўққизинчи кун Эрон ҳудудига зарбалар бермоқда. АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) баёнотида айтилишича, “қўмондонлик марказлари, ҲҲМ ва қирғоқ кузатуви объектлари, денгиз объектлари, ракета ва учувчисиз учиш аппаратларини учириш майдончалари, шунингдек, алоқа тармоқлари” нишонга олинган. Зарбалардан мақсад Эроннинг Ҳормуз бўғозидаги тижорат кемаларига ҳужум қилиш имкониятларини янада камайтириш.

Эрон расмийлари эса, ўз навбатида, АҚШнинг Қувайтдаги базаларига зарбалар берилганини маълум қилган. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИМК) баёнотига кўра, ушбу ҳужумлар давомида ўқ-дори омборлари, шунингдек, радарлар, жумладан, “Patriot” зенит-ракета мажмуаларининг радарлари шикастланган.

Маълумот учун, 17 июль куни Эроннинг Иорданиядаги авиабазага берган зарбаси оқибатида икки нафар америкалик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Америка қўмондонлигининг билдиришича, ўша ерда шахси ҳозирча аниқланмаган яна бир ҳалок бўлган кишининг жасади топилган. 

“The Washington Post” нашрининг ёзишича, гап катта эҳтимол билан яна бир америкалик ҳарбий ҳақида кетмоқда. Бундан ташқари, CENTCOM 18 июль куни уриб туширилган Эрон дронининг ўқ-дорисини зарарсизлантириш пайтида яна бир ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини хабар қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Эроннинг Бандар-Аббосдаги энг муҳим портини бошқа ҳудудлардан узиб қўйгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг