АҚШ элчиси отишмада ҳалок бўлган ўзбекистонлик талабанинг яқинларига таъзия билдирди

Жамият

image
АҚШдаги отишмада ўзбекистонлик талаба ҳалок бўлди (видео) north_east

АҚШдаги отишмада ўзбекистонлик талаба ҳалок бўлди (видео)

Жорий йилнинг 13 декабрь куни Америка Қўшма Штатларининг Род-Айленд штати Провиденс шаҳрида жойлашган Браун университетида содир бўлган отишмада икки талаба, хусусан,  2007 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Муҳаммадазиз Умурзоқов ҳалок бўлганди. АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. 

“13 декабрь куни Браун университети талабаси Муҳаммадазиз Умурзоқовнинг фожиали вафот этгани ҳақидаги хабарлар мени чуқур қайғуга солди. Биз Умурзоқовнинг оила аъзолари, дўстлари ва курсдошларига самимий ҳамдардлик билдирамиз ҳамда унинг порлоқ орзулари амалга ошмай қолганидан чексиз қайғудамиз”, дейди Ҳеник.

Провиденс полицияси бошлиғи Оскар Перес 13 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида 20 ёшлар атрофидаги эркак ушбу ҳодиса билан боғлиқ ҳолда ҳибсга олинганини айтган, бироқ қўшимча тафсилотларни очиқламаганди. Шу куннинг ўзида, маҳаллий полиция матбуот анжуманида ҳибсга олинган шахс қўйиб юборилиши, тергов “бошқа йўналишда” олиб борилаётганини маълум қилди.

ФҚБ директори Каш Пател 14 декабрь куни X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида гумондор Браун кампусидан тахминан 30 дақиқалик масофада жойлашган Род-Айленд штатидаги Ковентри шаҳридаги меҳмонхонадан қўлга олинганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ФҚБ мутахассислари гумонланувчини аниқлашда геолокация маълумотларидан фойдаланган.

Ушбу отишма Қуролли зўравонлик архиви маълумотларига кўра, жорий йилда АҚШда содир бўлган қарийб 400 та оммавий отишманинг сўнггиси ҳисобланади. Ҳозирда таълим муассасасида йилнинг қолган қисми учун имтиҳонлар ва дарслар бекор қилинган.

Айни пайтда марҳум учун ҳайрия акцияси бошланган. Ушбу маблағлар юридик масалалар ва жаноза тадбирлари билан боғлиқ харажатлар учун йўналтирилиши айтилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Жонатан Ҳеник Муҳаммадазиз Умурзоқов Браун университети

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг