АҚШ дунёни 150 марта портлата олади – Трамп

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг айтишича, унинг мамлакати дунёда энг катта ядро арсеналига эга – бу захира бутун дунёни 150 марта портлатишга етади. Бу ҳақда у жорий йилнинг 31 октябрь куни CBS News телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Трампнинг сўзларига кўра, Россия ва Хитой расмий равишда эълон қилмасдан ядро синовларини ўтказмоқда. У, шунингдек, бундай синовлар Шимолий Корея ва Покистонда ҳам амалга оширилаётганини айтган.

“Мен синов ўтказмайдиган ягона давлат бўлишни истамайман. Бизда дунёни 150 марта портлатишга етадиган қурол бор”, дейди Трамп.

АҚШ Президенти, шунингдек, бу мавзуда Россия раҳбари Владимир Путин ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан суҳбатлашганини билдирган. Унинг айтишича, ядровий захираларни камайтириш йўлларини излаш зарур, бироқ у ҳозирча аниқ чораларни санаб ўтмаган.

Кремль эса АҚШ ядро синовлари бўйича амалдаги мораторийни бузган тақдирда, Россия муносиб жавоб бериши ҳақида огоҳлантирган. Шу билан бирга, ҳам Москва, ҳам Вашингтон хавфсизлик масалаларида мулоқотга тайёр эканини билдирган.

Маълумот учун, АҚШ 1992 йилдан бери тўлиқ ядровий қурол синовларини амалга оширмаган. Вашингтон 1996 йилдаги Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартномани имзолаган, аммо ратификация қилмаган. Шундан бери АҚШ Невада полигонида субкритик ер ости синовларини ўтказиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп “бошқа ядровий давлатларнинг ҳаракатлари”ни сабаб қилиб кўрсатиб, Пентагонга ядровий синовларни дарҳол бошлашга топшириқ берганди. Бу қарор Россия Президенти Владимир Путиннинг ядровий двигателли “Буревестник” қанотли ракетасининг синови ҳақида берган баёнотлари ортидан эълон қилинган.
 
Шундан сўнг, Россия ва Хитой Трампнинг мазкур буйруғига муносабат билдирди. Хусусан, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг ядро синовларига оид мораторийни сақлаб қолишига умид қилишини маълум қилди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса Россия ва АҚШ ўртасида қуролланиш пойгасининг янги босқичи бошланган деб ҳисобламаслигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп ядро арсенали

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг