АҚШ дипломатларига Саудияни тарк этишни буюрди
Олам
−
09 Март 3734 2 дақиқа
АҚШ Давлат департаменти Саудия Арабистонидаги америкалик дипломатик миссия ходимларининг бир қисмига мамлакатни тарк этишни буюрди. Бу ҳақда дипломатик миссиянинг 9 март куни эълон қилинган баёнотида айтилади.
Бу қарор Эрон билан уруш туфайли хавфсизлик таҳдидлари кучайгани билан изоҳланмоқда.
Кеча, 8 март куни чиқарилган фармойишга кўра, фавқулодда вазифалар билан банд бўлмаган ходимлар ҳамда Ар-Риёддаги АҚШ элчихонаси ходимларининг оила аъзолари мажбурий тарзда мамлакатни тарк этиши керак.
Аввалроқ, 3 март куни мазкур тоифадаги шахсларга мамлакатни ихтиёрий равишда тарк этишга рухсат берилган эди.
Шу билан бирга, АҚШ Давлат департаменти АҚШ фуқароларини Саудия Арабистонига сафар режаларини қайта кўриб чиқишга чақирган. Баёнотда Эрон дронлари ва ракеталарининг АҚШ манфаатларига қарши эҳтимолий зарбалари, қуролли тўқнашувлар, терроризм хавфи, мамлакатдан чиқишга қўйилиши мумкин бўлган чекловлар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги фаолиятни тартибга солувчи маҳаллий қонунлар ҳақида огоҳлантирилган.
28 февралдан бери АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси давом этаётгани сабабли Саудия Арабистони бир неча марта Эроннинг жавоб зарбалари нишонларидан бирига айланган.
3 март куни икки дрон Ар-Риёд шаҳридаги АҚШ элчихонаси биносига зарба берган. Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги вакили бу ҳужум натижасида “чекланган ёнғин” юз берганини ва моддий зарар катта эмаслигини айтган.
АҚШ фуқароларига зудлик билан хавфсиз жойларга яшириниш ва кейинги хабаргача дипломатик миссия ҳудудига бормаслик тавсия этилган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Эрон нафақат Саудия Арабистонида, балки Баҳрайн, Кувайт ва Бағдоддаги АҚШ дипломатик ваколатхоналарига ҳам ҳужумлар уюштирган.
Live
Барчаси