АҚШ БМТга қарзининг 725 миллион долларини тўламоқчи

Олам

image

АҚШ маъмурияти БМТга 725 миллион доллар ажратиш ниятида эканини Конгрессга маълум қилди. Бу ҳақда кеча, 21 август куни “Reuters” хабар берди.

АҚШ Давлат департаментининг жорий йил 4 августда Конгрессга юборган хатида қайд этилишича, маблағ БМТнинг мунтазам бюджетига йўналтирилади. Бироқ АҚШ расмийлари тўловлар ташкилотда ислоҳотлар давом этиши шарти билан амалга оширилишини билдирган.

Трамп маъмурияти БМТ фаолиятини танқид қилиб, унинг бир қатор дастурларини молиялаштиришни қисқартирган. Вашингтон ташкилотда харажатларни камайтириш ва Хитой таъсирини чеклаш каби ўзгаришларни талаб қилмоқда.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш жорий йилда аъзо давлатларнинг тўловларни амалга оширмаётгани сабабли ташкилот “яқинлашиб келаётган молиявий инқироз”га дуч келаётганидан огоҳлантирган. Ташкилот шу муносабат билан харажатларни сезиларли даражада қисқартиришга мажбур бўлган.

Агентликка кўра, АҚШнинг 725 миллион долларлик тўлови БМТнинг Вашингтондан талаб қилаётган қарзининг 20 фоизига ҳам етмайди. БМТ май ойида АҚШнинг ташкилот олдидаги қарзи 4 миллиард доллардан ошганини маълум қилган, Вашингтон эса бу ҳисоб-китобни баҳсли деб ҳисоблайди ва айрим тўловлар амалга оширилганини билдирган.

Собиқ БМТ ходими Юджин Ченнинг айтишича, бундай маблағ ташкилот ходимларига маълум муддат маош тўлашга ёрдам беради, аммо барча харажатларни қопламаслиги мумкин. Унинг фикрича, АҚШнинг яна тўлов қилмаслиги БМТнинг молиявий аҳволини янада оғирлаштиради.

Германиянинг IDOS институти БМТ молияси бўйича эксперти Ронни Патц ҳам катта миқдордаги тўлов ташкилотга йилни ўтказиб олиш имконини бериши, аммо захира маблағлари ҳали ҳам жуда камлигича қолишини таъкидлаган.

БМТ Низомининг 19-моддасига кўра, аъзо давлат 2 йиллик бадал миқдоридан ортиқ қарздор бўлса, Бош Ассамблеяда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин. Шу сабабли АҚШнинг тўлови Вашингтоннинг келаси йил январь ойида овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлиш хавфини камайтириши мумкин.

АҚШ БМТ бюджетига энг катта ҳисса қўшувчи давлат ҳисобланади. Бироқ Трамп маъмурияти мажбурий тўловларни амалга оширишни қисқартирган ва БМТнинг қатор агентликларига ихтиёрий молиялаштиришни ҳам кескин камайтирган.

БМТ маълумотларига кўра, жорий йилнинг 18 август ҳолатида 193 аъзо давлатдан 129 таси 2026 йил учун бадалларини тўлиқ тўлаган. Улар орасида Вашингтондан кейин БМТнинг иккинчи йирик молиялаштирувчиси бўлган Хитой ҳам йўқ.

БМТ 2026 йил бюджети 9,2 фоизга қисқартирилган. Молиявий инқироз шароитида ташкилот “UN80” деб номланган ислоҳот ва харажатларни камайтириш дастурини амалга оширмоқда, жумладан Женева ва Нью-Йорк каби қиммат шаҳарлардаги 2 мингдан ортиқ иш ўрни арзонроқ марказларга кўчирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг давлат қарзи 40 триллион доллардан ошиб, тарихдаги энг юқори кўрсаткичга етгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг