АҚШ ҳусийларга қарши узоқ муддатли урушга тайёрланмоқда – WP

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Ямандаги ҳусийларга қарши 10 кунлик зарбалар гуруҳнинг Қизил денгиздаги савдо кемаларига ҳужумларини тўхтата олмаганидан кейин узоқ муддатли ҳарбий кампания ўтказиш режаларини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда исми ошкор этилмаган расмийларга таяниб, “The Washington Post” нашри хабар берди

Қайд этилишича, Оқ уйда 17 январь куни радарлар, ракеталар ва дронларни йўқ қилиш бўйича деярли ҳар кунги амалиётларга қарамай, кемаларга ҳужум қилишни давом эттиришга ваъда берган ҳусийларга жавобан олдинга силжиш вариантларини муҳокама қилиш учун АҚШ расмийлари йиғилган.

"Биз ҳусийлар кимлигини ва уларнинг дунёқарашини аниқ тушунамиз. Шунинг учун улар дарҳол тўхтаб қолишларига ишончимиз комил эмас, лекин биз, албатта, уларнинг имкониятларини заифлаштириш ва йўқ қилишга ҳаракат қилмоқдамиз", дейди Президент маъмуриятининг юқори мартабали ходими.

Расмийларнинг айтишича, улар операция Ироқ, Афғонистон ёки Суриядаги каби йилларга чўзилишини кутмаяпти. Шу билан бирга, мулозимлар операцияни якунлаш санасини ёки гуруҳнинг ҳарбий салоҳияти қачон етарли даражада заифлашишини тахмин қила олмаслигини тан олди.

Таъкидланишича, ушбу саъй-ҳаракатларнинг бир қисми сифатида АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари ҳам Эрондан ҳусийларга қурол-яроғ юборилишини тўхтатиш устида ишламоқда.

"Биз ҳусийларни мағлуб этишга уринмаяпмиз. Яманга бостириб кириш истагимиз ҳам йўқ. Биз уларнинг келажакда шунга ўхшаш ҳужумларни амалга ошириш қобилиятини заифлаштирмоқчимиз ва бу шундай ҳужумларни амалга оширишга имкон берувчи инфратузилмани ҳамда уларнинг имкониятларини нишонга олишни англатади”, деган исми ошкор этилмаган дипломат.

Манбага кўра, АҚШ зарбалар контрабанда қуролларини ушлаб қолиш кампанияси билан биргаликда ҳусийларни аста-секин кучли қуроллардан маҳрум қилишига умид қилмоқда. Шу билан бирга, баъзи америкалик расмийлар Америка армиясининг аралашуви Ямандаги урушни тугатишга қаратилган қийин дипломатик ютуқларни барбод қилиши ёки араб дунёсининг энг қашшоқ мамлакатида шусиз ҳам оғир гуманитар вазиятни ёмонлаштириши мумкинлигидан хавфсирамоқда.

Хусусан, Давлат департаменти ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги ҳусийлар Саудия Арабистони нишонларига, хусусан нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужумларини кенгайтириб, Ямандаги тўққиз йиллик урушга барҳам берадиган тинчлик келишувига эришиш ҳаракатларига путур етказишидан хавотирда.

Шунингдек, АҚШ расмийлари ҳусийларга ҳужум қилиб, Қўшма Штатлар чиқиш стратегиясисиз ва асосий иттифоқчиларнинг чекланган кўмаги билан можарога тортилганидан хавфсирамоқда. Қайд этиш жоизки, АҚШнинг Форс кўрфазидаги энг кучли ҳамкорлари, масалан, Қатар Америка операциясини қўллаб-қувватламади.

Ўтган ҳафта АҚШ Президенти Жо Байден Қўшма Штатлар ҳусийларга зарба беришда давом этишини айтди ва уларга қарши сўнгги ҳужумлар Қизил денгиздаги кемаларга ҳужумларни тўхтатмаганини тан олди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Яман Жо Байден ҳусийлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг