АҚШ ҳарбий кемаси Хитой денгизига ноқонуний кириб борди
Олам
−
10 Апрель 2023
13616Бугун, 10 апрель куни АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг эсминеци (тезкор ҳарбий кема) Жанубий Хитой денгизида жойлашган Пекин назорати остидаги энг муҳим техноген ороллардан бири яқинидан сузиб ўтди. Хитой бундай ҳаракатни қоралаб, уни ноқонуний эканини таъкидласа, АҚШ буни навигация эркинлиги миссияси доирасида амалга оширганини даъво қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қўшма Штатлар Хитой ва бошқа давлатларнинг стратегик сув йўлидаги ҳудудий даъволарига қарши чиқиш учун тез-тез бундай амалиётни қўллаб турсада, бу сафарги юриш Пекин Тайвань атрофида кўпроқ уруш ўйинларини уюштиргани сабабли содир бўлди.
АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг маълум қилишича, USS Milius ҳарбий кемаси Спратли оролларидаги Мисчиф рифидан 12 денгиз мили узоқликда нормал операцияни амалга оширган. Мазкур риф бир вақтлар сув тошқини остида бўлган, Хитой эса у ерда аэропорт ва бошқа объектларни қурган.
“Халқаро ҳуқуққа кўра, Мисчиф рифи каби табиий равишда ҳосил бўлган ерларни ҳудудий денгизга киритиш мумкин эмас. Мисчиф рифида қурилган иншоотлар ва бинолар халқаро ҳуқуққа мувофиқ тавсифни ўзгартирмайди”, дейилади АҚШ баёнотида.
Хитой Халқ Озодлик Армияси эса АҚШ кемаси Хитой рухсатисиз риф яқинидаги сувларга ноқонуний равишда кирганини ва унинг кучлари кемани кузатганини билдирган.
“Хитой Жанубий Хитой денгизидаги ороллар ва унинг атрофидаги денгиз ҳудуди устидан шубҳасиз суверенитетга эга”, дейилган Халқ Озодлик Армияси баёнотида.
Маълумот учун, Мисчиф рифи Филиппиннинг Палаван оролининг ғарбида жойлашган. Хитой ҳар йили триллионлаб долларлик савдо айланмаси ўтадиган ҳудуднинг катта қисмига даъво қилади. Бруней, Малайзия, Филиппин, Тайвань ва Вьетнам ҳам Жанубий Хитой денгизининг тўлиқ ёки бир қисмига даъвогарлик қилмоқда.
LiveБарчаси