АҚШ ҳарбий флотилияси Эрон томонга йўл олди – Трамп

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакатининг катта ҳарбий флоти Яқин Шарққа йўл олаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 23 январь куни “Air Force One” бортида журналистлар билан суҳбатда айтиб ўтди.

“Мен ҳеч нарса содир бўлмаслигини истардим. Аммо биз вазиятни жуда диққат билан кузатяпмиз. Жуда катта флот ушбу йўналишда ҳаракатланмоқда. Балки ундан фойдаланишга ҳожат ҳам қолмас. Кўрамиз”, деган Трамп.

Исроилнинг “Haaretz” нашри икки нафар америкалик расмийнинг сўзларига таяниб хабар беришича, АҚШ Яқин Шарққа USS Abraham Lincoln авиация ташувчи кемасини, шунингдек, эсминецлар ва қирувчи самолётларни ҳам юборган. Улар ўтган ҳафта Осиё-Тинч океани минтақасини тарк этган ва “яқин кунларда” Яқин Шарққа етиб бориши кутилмоқда. 

“The Jerusalem Post” нашри 19 январь куни авиация ташувчи кема ва зарба берувчи гуруҳлар Малайзия ва Индонезия ўртасида жойлашган Малакка бўғозига етиб келганини ёзган.

Эрон билан кескинлик кучайган бир пайтда, Исроил Мудофаа армияси Бош штаби бошлиғи, генерал Эяль Замир Исроил ҳар қандай таҳдид солувчи душманга қарши ҳаракат қилишга тайёр эканини маълум қилган.

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони, генерал Муҳаммад Пакпур эса АҚШ ва Исроилни “ҳар қандай хатоларни чуқур ўйлаб кўришга” чақирган. Унинг айтишича, акс ҳолда янада оғир оқибатларга дуч келишлари мумкин.

“Қўриқчилар корпуси ва Эрон ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ жанговар шай ҳолатда. Биз Олий бош қўмондоннинг буйруқ ва кўрсатмаларини бажаришга тайёрмиз”, деган Пакпур.

Шунингдек, Эрон расмийлари ҳарбий ҳаракатлар бошланган тақдирда Исроил ҳудуди ҳамда Яқин Шарқда жойлашган АҚШ ҳарбий базалари “қонуний нишонлар”га айланишини огоҳлантирган.

Қайд этиш жоиз, ўз чиқишларидан бирида Трамп Эронда Оятуллоҳ Али Хоманаий бошқарувига барҳам бериш кераклигини билдирган эди. АҚШ Президентининг таъкидлашича, Ислом Республикаси раҳбари мамлакатнинг “тўлиқ вайрон бўлиши” ва “мисли кўрилмаган даражадаги зўравонликлар” учун масъулдир.

Шунингдек, Трамп бир неча бор Эрон ҳукумати намойишларни шафқатсиз бостирса ва инсонлар ҳалок бўлса, эронлик норозиларга ёрдам беришини айтган. 

Кейинчалик у оҳангини юмшатиб, Эрон намойишчиларига нисбатан ўлим жазолари бекор қилингани сабабли Теҳронга зарба бермасликка шахсан қарор қилганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эронда мамлакат бўйлаб ўтказилган оммавий норозилик намойишлари вақтида 3117 нафар одам ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг