АҚШ ҳар сафар хато қилмоқда – Ароқчи

Олам

image

Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи АҚШни дипломатик ечим муҳокама қилинаётган паллада ҳар сафар эҳтиётсиилик билан ҳарбий “саргузашт”га қўл ураётганликда айблади. Бу ҳақда у X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзган.

Ароқчи эронликлар ҳеч қачон босимга бўйсунмаслигини ёзган. Бу баёнот Ҳормуз бўғозида юз берган ҳужумлар учун томонлар бир-бирини айблаганидан бир кун ўтиб янгради.

“Бу қўпол босим усулими? Ёки яна кимдир АҚШ Президенти Дональд Трампни янги можарога тортаётганининг натижасими?” деган у.

Тўқнашувларга қарамай, Дональд Трамп ўт очишни тўхтатиш режими сақланаётганини айтди. Бу режим февралда АҚШ ва Исроил бошлаган урушни тўхтатиш бўйича музокаралар ўтказиш учун жорий этилган.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг маълум қилишича, Эрон 8 май куни Вашингтон таклифларига жавоб бериши кутилмоқда.

“Таклиф жиддий бўлишига умид қиламан”, деган Рубио Италияга ташрифи чоғида.

Бугун, 8 май куни ҳудудда яна бир ҳужум ҳақида хабар берилган. Ҳурмозгон вилояти расмийси Муҳаммад Радмеҳрнинг “Mehr”га айтишича, Миноб яқинидаги сувларда юк кемаси зарбага учраб, ёнғин чиққан. Унинг сўзларига кўра, 10 нафар ярадор денгизчи шифохонага олиб кетилган, қутқарувчилар эса қолган денгизчилар тақдирини аниқлашга уринмоқда.

Дональд Трамп эса Truth Social тармоғида АҚШ Эроннинг бир нечта кичик қайиқлари, ракета ва дронларини йўқ қилганини ёзган.

“Бугун уларни қандай тор-мор қилган бўлсак, агар битимни тезда имзоламаса, кейинчалик янада қаттиқроқ ва янада шафқатсизроқ зарба берамиз”, деган Трамп.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Вашингтон ва Теҳрон ўртасида “жуда яхши” музокаралар бўлиб ўтганини маълум қилганди.

Ойбек Рустамов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Ароқчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг