АҚШ ҲАМАСнинг Қатарда қолишини хоҳламайди – BBC
Олам
−
09 Ноябрь
2169Қатар АҚШ босими остида Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати етакчиларини мамлакатдан чиқиб кетишини талаб қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Хабарга кўра, Қатар ҲАМАС етакчиларини гаровдаги исроилликларни озод қилиш, ўт очишни тўхтатиш масалаларини муҳокама қилмагани учун мамлакатдан чиқариб юбормоқчи.
“Гуруҳ раҳбарлари гаровга олинганларни озод қилиш бўйича таклифларни рад этганидан сўнг, улар бошқа америкалик ҳамкорларнинг пойтахтларида кутиб олинмаслиги керак”, дейди АҚШ расмийлари.
Нашрнинг ёзишича, ҲАМАС сиёсий раҳбарияти ва уларнинг оила аъзолари 2012 йилдан бери Доҳада истиқомат қилади. Бу жой музокаралар учун қулай деб ҳисобланган. Вазиятдан хабардор манбанинг маълум қилишича, ҳаракат вакиллари Туркияга кўчиб ўтиши мумкин.
“Reuters”га кўра, Қатар ҳукумати 10 кун олдин ҲАМАСга ўз сиёсий офисини ёпганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху яҳудий давлатининг ҳарбий раҳбарияти сиёсий келишувга эришмоқчи эканини тобора ойдин билдираётганига қарамай, Ливан ва Ғазо секторидаги можароларни давом эттирмоқчилигини билдирганди. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, охирги пайтларда Исроил ҳарбий раҳбарлари мамлакат Ливан ва Ғазода ҳарбий жиҳатдан қўлидан келган барча нарсага эришгани ва сиёсатчилар учун келишувга эришиш вақти келгани ҳақида аниқ сигналлар юбормоқда.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси