Агробанк ташаббуси билан Ўзбекистонда илк бор фермерлар мактаблари очилди

Бизнес

image

Кеча, 31 май куни Тошкентнинг “Хилтон” меҳмонхонасида “Агробанк” АТБ ташаббуси билан Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган “Фермерлар мактаби” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Табдирда “Агробанк” АТБ, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Тошкент давлат аграр университети, Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти раҳбар ходимлари ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасининг мутахассислари, олимлар, фермерлар, тадбиркорлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ушбу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – қишлоқ хўжалигида янги бизнес йўналишларини очиш, билимли ва малакали ёш фермерларни тайёрлаш ҳамда уларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик кўникмаларини ошириш, ёшларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда энг замонавий технологиялардан фойдаланишни ўргатишдан иборат.

Лойиҳа мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий ўқув юртлари, жумладан, Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари ҳамда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, Самарқанд ветеринария ва чорвачилик институти, бир қатор илмий тадқиқот институтлари, йирик ишлаб чиқарувчилар, кластерлар, минтақалардаги кўп йиллик тажрибага эга деҳқон ва фермерларни жалб этган ҳолда ёшларни 2 ойлик курсларда (қисқа муддатли) ўқитишни назарда тутади.

Фермерлар мактаби республикамизнинг 5 та ҳудудида ташкил этилган, хусусан, Тошкент (Тошкент, Сирдарё, Жиззах вилоятлари учун), Андижон (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари учун), Самарқанд (Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятлари учун), Термиз (Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари учун), Нукус (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги фуқаролар учун).

Ушбу ҳудудларда очилган фермерлар мактабларида жорий йилнинг 31 майидан бошлаб илк бор синовлардан муваффақиятли ўтган 150 нафар тингловчи ўқишни бошлайди.

Ўқув дастури қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш сирлари, мўл ҳосил олиш учун уруғ ва ўғитларни танлаш, чорва моллари парвариши, самарали бизнес режа тузиш асослари, етиштирилган маҳсулотларни замонавий маркетинг усуллари орқали сотиш каби назарий ва амалий билимларни ўз ичига олади.

Назарий – олий ўқув юртлари базасида олиб борилади. Барча дарслар малакали ўқитувчилар томонидан ўқитилади.

Тингловчилар ўзлари қизиққан қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича назарий билимларни ўрганиш жараёнида олий ўқув юртлари базасидаги камёб китоблардан ва қўлланмалардан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.

Амалий – амалий дарслар режалаштирилган тартибда тингловчилар назарий билимларни эгаллаганларидан сўнг ҳудудлардаги йирик чорвачилик ва паррандачилик комплекслари, замонавий иссиқхоналар, сабзавотчилик ва полизчилик хўжаликлари ҳамда кластерларда олиб борилади.

Шу билан бирга дарслар жаҳон стандартларига тўлалигича жавоб берадиган ўқув аудиторияларда, қишлоқ хўжалигида тажрибага эга ўқитувчилар ва илмий мутахассислар, муваффақиятга эришган тадбиркорлар, бизнес йўналишлари бўйича тренер ҳамда банк мутахассислари иштирокида ўтказилади.

Амалий дарслар тажриба участкалари ва йирик қишлоқ хўжалиги корхоналарида ўтилади.

Таълим олиш билан боғлиқ барча харажатлар “Агробанк” АТБ томонидан молиялаштирилади.

Ўқув курсларининг афзалликлари – соҳада юқори малакали, халқаро тажрибага эга ўқитувчилардан билим олиш имконияти, назарий ва амалий машғулотларнинг уйғунлиги, соҳадаги етакчи бизнес эгалари томонидан мастер классларда иштирок этиш, бизнес ҳамкорлар тармоғини кенгайтириш имконияти ва буларнинг барчаси бепул тарзда амалга оширилишидир.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, фермерлар мактабига қабуллар ҳар 2 ойда бўлиб ўтади ва синовлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар мазкур мактабларга қабул қилинади. 

Ўқиш истагида бўлган фуқаролар фермерлар мактабининг махсус Telegram боти ёки расмий сайти орқали ҳужжат топширишлари мумкин.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Агробанк

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг