“Агробанк”га нисбатан чора қўлланилди

3-саҳифа

image

“Агробанк” АТБнинг Тошкент вилояти бошқармасига нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг бузилиши аломатлари бўйича тегишли тартибда иш қўзғатилиб, белгиланган тартибда чора қўлланилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Билдирилишича, Чиноз тумани фермер хўжаликларининг йўллаган мурожаати қўмитанинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ваколат доирасида ўрганиб чиқилган. Ўрганиш давомида фермер хўжаликлари “Агробанк” АТБ Чиноз филиали билан кредит шартномаси ва таъминотчи ташкилотларни ихтиёрий танлаш бўйича шартнома имзолагани, бироқ “Агробанк” АТБ бош офисининг Агросаноат мажмуини кредитлаш бўлими томонидан фермер хўжаликлардан ушбу кредитларни ажратилишида маблағлардан эркин фойдаланишига ҳамда моддий ресурслар етказиб берувчиларни ихтиёрий танлашида бир қатор сунъий ҳамда бюрократик тўсиқлар, хусусан, фермер хўжаликларига ажратиладиган ушбу кредит маблағлари ҳисобидан минерал ўғит, ёқилғи мойлаш маҳсулотлари, техника хизмати ва техникаларга эҳтиёт қисмлар сотиб олишда Чиноз тумани ҳокимлигидан ушбу етказиб берувчи корхоналарни таъминотчилар рўйхатига қўшиш учун асоссиз равишда хат талаб қилиш ҳолати аниқланган.  

Бундан ташқари, ўрганиш даври маълумотларига кўра, “Агробанк” АТБ Чиноз филиали маълумотларига асосан фермер хўжаликларига Ғалла-2024 йил ҳосилини етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредит маблағининг ишлатилган қисми 4.6 млрд сўмни ташкил этиши аниқланган.

“Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, “Агробанк” АТБ Тошкент вилоят бошқармасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни бузилиши аломатлари бўйича тегишли тартибда иш қўзғатилиб,  белгиланган тартибда чора қўлланилди. Шунингдек, бу каби ҳолатлар юзасидан Республика бўйича ҳам ҳудудлар кесимида ўрганишлар ўтказилмоқда”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Lukoil Overseas Supply and Trading Ltd” компаниясининг биржа савдолари орқали техник олтингугурт маҳсулотини реализация қилишда, шу жумладан биржа савдоларида маҳсулот ҳажмларини номувофиқ қўйиш каби манипуляция ҳолатлари орқали маҳсулот нархларини ошишига олиб келган ҳаракатларнинг аломатлари аниқланган ва бунинг ортидан иш қўзғатилганди. Минерал ўғитлар бозорида нархларни асоссиз ошириш ҳолати бўйича “Maxam-Chirchiq” АЖга нисбатан иш қўзғатилди


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Агробанк Чиноз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг