Агар Финляндия НАТОга қўшилса, Россиянинг “қўлидан нима келади?”
Олам
−
12 Май 2022
36975Агар Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилган.
“Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Шимолий Европа минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга ҳамда Россия-Финляндия икки томонлама муносабатларига жиддий зарар етказади. Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади”, дея таъкидлади ТИВ.
Баёнотга кўра, агар Финляндия НАТОга қўшилса, бу халқаро ҳуқуқий мажбуриятларнинг бузилиши сифатида баҳоланади.
“НАТОга қўшилиш Финляндиянинг халқаро ҳуқуқий мажбуриятларини, биринчи навбатда 1947 йилдаги Париж тинчлик шартномасини тўғридан-тўғри бузиш бўлади, унда томонларнинг иттифоқларга кирмаслик ёки улардан бирига қарши қаратилган коалицияларда қатнашмаслик мажбурияти белгилаб қўйилган”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Россия томони ўз миллий хавфсизлигини таъминлаш йўлларини танлаш Финляндия ҳукумати ва халқига боғлиқлигини бир неча бор айтган.
“Финляндия томонини альянсга аъзо бўлишдан бошқа алтернатив йўқлигига қатъий ишонтирган НАТОнинг мақсади аниқ - Россия чегаралари томон кенгайишни давом эттириш, мамлакатимизга ҳарбий таҳдид учун яна бир қанот яратиш. Аммо нима учун Финляндия ўз ҳудудини Россия Федерацияси билан ҳарбий қарама-қаршилик чегарасига айлантириши керак?”, дейилади баёнотда.
Маълумот учун, Швеция ва Финляндия Россиянинг Украинадаги махсус операцияси фонида узоқ муддатли бетарафликдан воз кечиш ва НАТОга қўшилиш имкониятлари ҳақида гапира бошлади. Ташкилот Бош котиби Йенс Столтенберг альянс Финляндия ва Швецияни ўз сафида кўришдан хурсанд бўлишини ва уларга тезроқ қўшилиш имкониятини тақдим этишини маълум қилди.
Президент Саули Ниинистё ва Бош вазир Санна Мариннинг бугун, 12 май куни эълон қилган қўшма баёнотга кўра, Финляндия имкон қадар тезроқ НАТОга аъзо бўлиш учун ариза бериши керак. Расмий қарор 15 май куни қабул қилиниши кутилмоқда. Россия Ташқи ишлар вазирлиги бундай баёнотларни мамлакат ташқи сиёсатидаги туб ўзгаришлардан далолат деб атади.
Кремль Швеция ва Финляндиянинг иттифоққа қўшилишини мамлакат учун экзистенциал таҳдид деб атади. Президент матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, НАТОнинг Россия чегараларига яқинлашиши дунёни ва хусусан, Евроосиё қитъасини барқарор ва хавфсизроқ қилмайди.
LiveБарчаси