“Ҳимматингдан айнанай, халқим”. Чорвоқ Агаларовларга арзонга берилгани изоҳланди

Жамият

image
Талаш бўлаётган “Чорвоқ” хавф остидами? north_east

Талаш бўлаётган “Чорвоқ” хавф остидами?

Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сувомбори ёнида озарбайжонлик хонанда ва тадбиркор Эмин Агаларов томонидан “Sea Breeze Uzbekistan” туристик мазмуаси қурилиши учун ажратиладиган 577 гектар ернинг 25 йиллик ижара тўлови 0,01 камайтирувчи коэффициент қўлланган ҳолда бор-йўғи 17 миллиард сўм миқдорида белгилангани хабар қилинганди. Бу эса табиийки, ушбу лойиҳа атрофидаги саволларни янада кўпайтирди. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Департаменти бошлиғи ўринбосари Музаффар Раҳимжонов шундай саволларнинг  айримларига жавоб берди.

Хусусан, унинг айтишича, ижара тўлови инвестицияларни рағбатлантириш мақсадида рамзий даражагача камайтирилган. Бунинг эвазига инвестор 240 миллион доллар миқдорида инфратузилма тўлови тўлайди.

“Бу ер ижарасининг бозор қийматидан анча юқори. Мазкур тўлов Тошкент вилоятида биринчи марта жорий қилинмоқда. Бу маблағлар канализация, йўллар, кўприклар ва тозалаш иншоотларини қуришга йўналтирилади. Ортиб қоладиган 100 миллион доллар ҳудуд инфатузилмасининг кейинги ривожланиш ва модернизацияга сарфланади”, дейди Музаффар Раҳимжонов.

Шунингдек, у Мексика ва Вьетнамда хорижий сармояни жалб қилиш ва ривожланишни жадаллаштириш мақсадида йирик инвестиция лойиҳаларининг ижараси ноль қийматида берилганини намуна сифатида кўрсатган.

Жамоатчилик учун очиқ қолаётган саволлардан яна бири 25 йилга ижарага берилган ернинг қайта ижарага берилиши эди. Раҳимжоновнинг сўзларига кўра, қайта ижарага бериш фақат лойиҳа концепциясига мувофиқ қурилишни амалга ошириш учун қўлланилиши мумкин. Масалан, халқаро меҳмонхоналар ва бошқа объектларни қуришда.

“Шартлар бузилган тақдирда – шартнома бекор қилинади, ер давлатга қайтарилади”, дейди вазирлик вакили.

Шунингдек, мулозим нега объектларни бир вақтнинг ўзида  лойиҳалаштирган ҳолда қурилишга рухсат берилганига ҳам изоҳ берган. Унинг қайд этишича, қонунчиликда айрим ҳолларда Ҳукумат томонидан параллел лойиҳалашга рухсат берилиши кўзда тутилган. Қарор ҳукумат томонидан қатъий назорат шарти билан қабул қилинган. Бунда лойиҳани Бош прокуратура назорат қилади, Бош вазир ўринбосари раислигида идоралараро гуруҳ ташкил этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Чорвоқ Эмин Агаларов Sea Breeze Uzbekistan

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг