Африкада бегемот йўловчи қайиғига ҳужум қилди. Қурбонлар бор
Олам
−
11 Сентябрь 2025 7184 1 дақиқа
Африканинг Ғарбий соҳилида жойлашган Кот-дʼИвуар республикасида бегемот 14 нафар йўловчини олиб кетаётган қайиқни ағдариб юборди. Бу ҳақда мамлакат Бирдамлик вазири Белмонде Дого ўзининг Facebook саҳифасида ёзди.
Маълум қилинишича, қайиқ жануби-ғарбий Буё шаҳридаги Сасандра дарёси бўйлаб ҳаракатланаётганда бегемот уни ағдариб юборган. Қутқарувчилар 3 нафар йўловчини қутқаришга муваффақ бўлган, қолган 11 нафарини топиш бўйича қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда. Қурбонларнинг неча ёшдалиги ҳали аниқланмаган, лекин, улар орасида аёллар, қизлар ва чақалоқ ҳам бўлган.
“Бизни бу фожеа чуқур қайғуга солди. Йўқолганларни топиш умидида қидирув ишлари давом этмоқда. Ушбу фожиада юзасидан Кот-дʼИвуар ҳукумати қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради. Шунингдек, омон қолганларга тез тиббий ёрдам кўрсатилмоқда”, деб ёзган Дого.
Маълумот учун, 2022 йилда Кот-дʼИвуар университети тадқиқотчилари бегемотлар мамлакатда ўлим ёки бошқа фожиаларга олиб келадиган энг кенг тарқалган сабаб эканлигини аниқлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг Хэбэй провинциясидаги Циньхуандао шаҳрида қайиқ ағдарилиб кетиши оқибатида 12 киши ҳалок бўлган эди.
Бунёд Келдибоев
Live
Барчаси