Афғонистоннинг собиқ президенти: халқаро кучлар бизни жуда оғир вазиятда тарк этмоқда
Олам
−
22 Июнь 2021
15018Афғонистоннинг собиқ Президенти Ҳамид Карзай 21 июнь куни "Assoshieytid Press" нашрига берган интервьюсида АҚШ ва НАТОни экстремизм юқори чўққига чиққан бир пайтда мамлакатни ташлаб кетаётганликда айблади.
“Халқаро ҳамжамият бу ерга 20 йил олдин экстремизмга қарши курашиш ва барқарорликни таъминлашни мақсад қилиб келганди. Буни қарангки, бугунга келиб, экстремизм энг юқори нуқтага чиқди. Лекин улар бунга эътибор бермасдан мамлакатни тарк этяпти. Демак, улар муваффақиятсизликка учрадиʼʼ, дейди у.
АҚШ билан зиддиятли муносабатда бўлган Ҳамид Карзай 13 йиллик ҳукмронлиги даврида халқаро қўшинларнинг чиқиб кетишини хоҳлаган. Аммо бу сафарги интервьюсида у умуман бошқа нарсани гапирди.
"Биз афғонистонликлар сифатида барча муваффақиятсизликларимизни тан оламиз, аммо айнан шу муваффақиятсизликларнинг олдини олиш учун келган катта кучлар ҳақида нима дейиш мумкин? Ҳозир улар бизни жуда оғир вазиятда тарк этяпти. Бу шармандаликнинг бир кўринишидир".
Ҳамид Карзай даврида Афғонистонда аёлларга имконият эшиклари очилиб, қизлар мактабга бора бошлаган, пойтахт Кобулда янги кўп қаватли уйлар кўтарилиб, йўллар ва инфратузилмалар бунёд қилинганди. Шунга қарамасдан унинг ҳукмронлик даври кенг тарқалган коррупция, гуллаб-яшнаган гиёҳванд моддалар савдоси билан ажралиб туради.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.
Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларни олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, ҳарбийларни ортга қайтариш 11 сентябргача якунланиши керак.
Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери "Толибон" кескин ҳаракат қилмоқда. Хусусан, 1 майдан бошлаб 50 дан ортиқ туманлар эгаллаб олинди. 21 июнь куни эса Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги Имом Соҳиб туманини ўз назоратига олди. Сўнгги 2-3 кун ичида ҳукумат кучлари 15 туманни тарк этишга мажбур бўлди.
Шунингдек, Тожикистон билан чегарадаги Тоҳар вилоятининг 8 та тумани ҳам аллақачон “Толибон” томонидан эгалланган. Фарёбда эса вилоят маркази Маймана учун жанглар бошланган.
Аввалроқ, Афғонистондаги ўзбек ва туркман диаспораси раҳбари Маршал Абдул Рашид Дўстум толибларга қарши жангда яралангани ва мамлакатни тарк этгани ҳақида маълумотлар тарқалганди. Бироқ ҳозиргача бу ўз тасдиғини топмаган.
Эслатиб ўтамиз, бугун 22 июнь куни Афғонистон Ислом Республикасида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашаётганлигини инобатга олиб, ўзбек-афғон Давлат чегараси орқали фуқароларнинг ҳаракатланиши вақтинча тўхтатилди.
Юлдуз Абдурашидова
LiveБарчаси