Афғонистонлик йигит самолёт ғилдиракларига тирмашиб, Деҳлига учиб борди
Олам
−
23 Сентябрь 2025 29676 2 дақиқа
Омон қолиш имкони кам бўлган афғонистонлик 13 ёшли йигит Қобулдан Деҳлига йўловчи сифатида эмас, балки самолёт шассига яширинганча учиб борди. Бу ҳақда “Hindustan Times” хабар берди.
Ҳодиса 21 сентябрь куни соат 11:00 атрофида “Kam Air” авиакомпаниясининг RQ-4401 рейси 1,5 соатлик йўлдан сўнг Индира Ганди халқаро аэропортига етиб борганида аниқланган. Бу ҳолатдан аэропорт маъмурлари ҳайратда қолган. Шундан сўнг, йигит авиакомпания ходимлари томонидан қўлга олиниб, марказий саноат хавфсизлиги кучлари ходимларига топширилган ва улар уни сўроқ қилиш учун аэропортнинг 3-терминалига олиб борган.
Аниқланишича, бола Қобул аэропортига яширинча кирган ва қандайдир йўл билан ушбу самолётнинг орқа марказий қўниш мосламаси бўлимига киришга муваффақ бўлган. У расмийларга бу ишни “қизиқиш” учун қилганини айтган. Суриштирувлардан сўнг афғонистонлик йигит ўз юртига қайтарилган.
Маълумот учун, авиацияда бундай саёҳатга уринишлар бутун дунёда “ғилдиракдаги яширин йўловчилар” (wheel-well stowaways) деб аталади. Бунда умидсиз йўловчилар ўзларини самолётнинг ғилдирак бўлими ёки шассиси ичига яширади. Хусусан, 1947 йилдан 2015 йилнинг июнигача АҚШ Федерал Авиация бошқармаси (FAA) тадқиқотчиси 101 та парвозда 113 та шундай уринишни ҳужжатлаштирган. Улардан 86 киши ҳалок бўлган ва ўлим даражаси 76 фоизни кўрсатган. Бу каби парвозларни бошдан кечирган йўловчилар гипотермия, яъни баландликдаги жуда совуқ ҳарорат, кислород етишмовчилигидан ҳалок бўлади.
Маликабону Муҳаммедова
Live
Барчаси