Афғонистондан келган шахснинг юк машинасидан 48,5 кг наркотик топилди (видео)
Crime
−
17:47 1081 2 minutes
Афғонистондан Ўзбекистонга келган 41 ёшли шахснинг юк машинасидан 48,5 кг наркотик топилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш, уларни мамлакат ҳудудига контрабанда йўли билан олиб кирилишининг олдини олиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва Божхона қўмитаси ҳарбий хизматчилари сайъ-ҳаракати билан катта миқдордаги наркотик моддалар контрабандасига чек қўйилган.
Хусусан, Афғонистон Республикасидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган, Термиз туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги Mercedes-Benz русумли юк автомашинаси “Айритом” чегара божхона постида чуқурлаштирилган тарзда текширувдан ўтказилган.
Текширув жараёнида автомашина тиркамасининг пол қисми остига жами 98 дона ўрамда 39 кг 86 гр “гашиш” ва 9 кг 498 гр “опий” моддалари яшириб қўйилганлиги маълум бўлган. Билдирилишича, наркосавдогарлар гиёҳвандлик воситалари фош бўлмаслиги учун уларни дастлаб полиэтилен пакетга солиб, сўнгра фолга қоғози билан, кейин эса скотч билан ўраган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида ушбу наркотик моддаларнинг буюртмачиларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятида хизмати ити юк машинасига яшириб қўйилган 52 килограммдан зиёд гиёҳвандлик воситаларини фош қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All