Афғонистондаги қуролли ҳужумда 14 киши ҳалок бўлди
Олам
−
14 Сентябрь
6707Кеча, 13 сентябрь куни Афғонистон марказидаги Дайкунди вилоятида номаълум қуролли шахслар томонидан уюштирилган ҳужумда камида 14 киши ҳалок бўлди ва 4 киши яраланди. Бу ҳақда “Tolo News” хабар берди.
Ҳужум маҳаллий вақт билан соат 13:00 атрофида Дайкунди ва Ғор провинциялари чегарасидаги довон ҳудудида содир бўлган. Қайд этилишича, ҳужум маҳаллий аҳоли Ироқнинг Карбало шаҳридан қайтаётган зиёратчиларни кутиб олишга борганида рўй берган.
Ҳужум ички ва халқаро миқёсда норозиликларга сабаб бўлган. “Толибон” вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид қотилликдан афсусда эканини билдирган. Мужоҳид Х тармоғида бу ҳаракатни кескин қоралаб, одамларнинг ҳаёти ва мулкини ҳимоя қилишни ўзининг бурчи деб билишини айтган. У ушбу воқеа учун жавобгар шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ва ҳибсга олиш учун жиддий ҳаракатлар амалга оширилишига ваъда берган.
Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай ҳам ҳужумни қоралаб, қурбонларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирган. Маҳаллий расмийларга кўра, ҳодиса қурбонлари Карбалодан қайтган зиёратчиларни кутиб олишга кетган Дайкундининг Санг-Тахт ва Бандар туманлари аҳолиси бўлган.
Ўз навбатида, Эроннинг Қобулдаги элчихонаси ҳам ҳужумни кескин қоралаб, айбдорларнинг жавобгарликка тортилишини талаб қилган. Эрон ТИВ матбуот котиби Носир Канани Дайкунди аҳолисига қилинган ҳужумни танқид қилиб, муваққат ҳокимиятни ушбу жиноятга қарши чора кўришга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон”нинг Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги аёлларга сотувчилар билан савдолашишни тақиқлаганди.
LiveБарчаси