Афғонистонда кучли зилзила камида 26 кишининг умрига зомин бўлди
Олам
−
18 Январь 2022
6843АҚШ Геолигия жамиятининг маълум қилишича, кеча 17 январь куни Афғонистон шимоли-ғарбидаги Бадгис провинциясида содир бўлган кучли ер силкиниши оқибатида камида 26 киши ҳалок бўлган.
Муваққат Афғонистон ҳукумати вакилининг билдиришича, қурбонлар орасида аёллар ва 4 нафар ёш болалар ҳам бор.
Маълум қилинишича, зилзила кучи 4.9-5.3 балл магнитуда атрофида бўлган. Оқибатда асосан Бадгис провинциясининг Қадис аҳоли пунктига катта зарар етган. Кучли ер қимирлаши оқибатида 700 дан ортиқ уй вайрон бўлиб, 1 000 дан ортиқ биноларга зарар етгани айтилмоқда.
Бадгис провинцияси расмий вакили Баз Муҳаммад Сарварийнинг айтишича, зилзила етказган зарарнинг умумий қиймати ҳали маълум эмас, вайроналар ортидан 26 кишининг жасади топилган, аммо бу ҳали ҳаммаси бўлмаслиги мумкин.
Билдирилишича, зилзиланинг биринчи тўлқини тушдан сўнг содир бўлган бўлса, иккинчи тўлқин эса орадан икки соат ўтиб кузатилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларда ёш болаларнинг харобалар орасидан ўзларига тегишли бўлган қадрли ва кундалик эҳтиёждаги буюмларини қидираётгани акс этган.
“Ҳозирда, харобалар остидан тирик қолганларни қидириб топиш учун махсус қидирув-қутқарув кучлари жалб этилган”, дея билдирган “Толибон” Матбуот котиби Иномуллоҳ Самангоний.
Қайд этилишича, қидирув-қутқарув ишлари ҳали ҳам давом эттирилмоқда.
Маълумот ўрнидан, Туркманистондан 100 км узоқликда жойлашган Афғонистоннинг Бадгис провинцияси мамлакатнинг энг қолоқ ва ривожланишдан ортда қолган ҳудуди ҳисобланади.
40 йил мобайнида давом этган урушлар натижасида юзага келган вайроналарни таъмирлаш ва аҳолига гуманитар ёрдам етказиш учун БМТ халқаро донорлардан 2022 йилда Афғонистонга 5 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишни сўраган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь