Афғонистонда қизлар таълими кетма-кет 5-йил тақиқланди

Олам

image

Кеча, 26 март куни Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг таълим вазирлиги форс тақвимига кўра янги ўқув йилининг очилиш маросимини ўтказди. Бироқ бу йил ҳам қизлар таълими тақиқланганича қолди. Бу ҳақда “Afghanistan International” хабар қилди

Қайд этилишича, “Толибон” кетма кет 5 йил 6-синфдан юқори бўлган қизлар таълимини чеклаган ва бунга ҳеч қандай изоҳ келтирмаган.

Эътиборли томони, янги ўқув йилининг очилиш маросими таълим вазиридан бошқа кўплаб расмийлар иштирокида ўтказилган.

“Толибон”нинг маъмурий ишлар бошқармаси раҳбари Нуруллоҳ Анвар маросимда аввалги ҳукумат давридаги ўқув дастури мамлакат эҳтиёжларига жавоб бермаслигини таъкидлаган. Шунингдек, у янги дастур устида ишлар давом этаётганини ва уни “мамлакат эҳтиёжларига асосланган ҳолда” яратиш бўйича ҳаракатлар олиб борилаётганини қўшимча қилган.

Қолаверса, “Толибон” Афғонистонда мактаб ва университет дастурларини ўзларининг қатъий диний талқинларига мувофиқ қайта шакллантирган, бу эса халқ орасида болалар келажаги ҳақида хавотир уйғотиб келади.

Янги ўқув йили қизларнинг мактаб ва университетларга ёпиқ қолиши юзасидан норозиликлар давом этаётган бир пайтда бошланди, “Толибон” эса диний мактабларни қуришни олдингидан ҳам кенгайтирган.

“Толибон” вакили Забиҳулло Мужоҳиднинг билдиришича, таълим вазирлиги томонидан 20 000 дан ортиқ диний мадрасалар фаолият юритмоқда. Унга кўра, тахминан 2,5 миллион талабалар ушбу мактабларда исломий фанларни ўрганиб келади.

Собиқ давлат раҳбари Ҳамид Карзай қизлар учун мактаб ва университетларни қайта очиш ҳамда аёллар учун иш имкониятлари яратишни талаб қилган. У ушбу тақиқ давом этиши мамлакат учун қайтарилмас оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор огоҳлантирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда аёлларга нисбатан зўравонлик сўнгги икки йил ичида 40 фоизга ошгани, 14,2 миллион аёл гуманитар ёрдамга муҳтож экани хабар қилинганди.

АҚШдаги Жоржтаун университети тадқиқотчилари 188 та мамлакатдаги аёллар аҳволини ўрганиб чиқиб, Афғонистонни аёллар учун дунёдаги энг ёмон мамлакат деб топган.

Кейинроқ эса Афғонистонда “Толибон” муваққат ҳукумати аёллар ҳуқуқларини кескин чекловчи янги Жиноят кодексини расман қабул қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон қизлар таълими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг