Афғонистонда ишлаб чиқарилган анор таъмли ичимлик Қозоғистонда тақиқланиши мумкин
Олам
−
16 Август
3207Қозоғистонда Афғонистонда ишлаб чиқарилган баъзи анор таъмли газланган ичимликлар тақиқланиши мумкин. Бу ҳақда “Tengrinews” нашри хабар берди.
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати қўмитаси маълумотларига кўра, анорли газланган ичимликларнинг мувофиқлиги лабораторияда текширилади.
“Ҳозирда қўмита ҳудудий бўлинмалари чакана савдо шохобчаларида анор қўшилган (Афғонистонда ишлаб чиқарилган) газланган ичимликларнинг ҳар хил турларини лаборатория текширувидан ўтказган ҳолда синов харидларини ўтказмоқда”, дейилади қўмитанинг нашрга жавобида.
Синов хариди натижаларига кўра, агар ичимликда бўёқларнинг рухсат этилган меъёрларидан ошса, маҳсулотни қайтариб олиш ва сотишдан олиб ташлаш шаклида тезкор жавоб чоралари кўрилади.
Шунингдек, жорий йилда маҳсулотларнинг санитария-эпидемиология мониторинги доирасида 100 дан ортиқ кам алкоголли, тоник ва алкоголсиз энергетик ичимликлар намуналари синовдан ўтказилган. Улар Божхона иттифоқининг техник регламентларида белгиланган хавфсизлик кўрсаткичларига мувофиқлиги учун синовдан ўтказилди. Лаборатория текширувлари натижаларига кўра қонунбузарликлар аниқланмаган.
Умуман олганда, 2023 йил ва 2024 йилнинг биринчи ярмида Қозоғистонда алкоголсиз энергетик ичимликларни сотишга тақиқ жорий этилмаган.
Маълумот учун, “Royal”, “Paradise”, “Mani”, “Pure”, “Golden Life” анор таъмига эга алкоголсиз газланган ичимликлар Қозоғистонда синовдан ўтказилгани ҳақида ўтган ойда хабар берилганди. Қозоғистонлик экспертлар ичимлик қутиларида “бўёқ (азорубин E122) бор” деган огоҳлантириш белгиси йўқлигини аниқлашди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу модда болаларнинг фаоллиги ва эътиборига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бундан ташқари, қадоқлашда ичимликларнинг таркиби ва озуқавий қиймати, шунингдек, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган. Чакана сотувчиларга ушбу ичимликларнинг маркаланиши техник регламент талабларига жавоб бермаслиги сабабли келгусида харид қилмаслик тавсия қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда Афғонистоннинг анорли газли ичимлигини сотиш тақиқланганди. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси эса Ўзбекистондаги бозор ва дўконларда сотилаётган анор таъмли “Royal” ичимлиги сифат талабларига жавоб бермаслиги аниқланганди.
Зебо Туробжонова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь