Дўконларда сотилаётган “Royal” ичимлиги сифат талабларига жавоб бермаслиги аниқланди
Жамият
−
01 Август
7175Ўзбекистондаги бозор ва дўконларда сотилаётган анор таъмли “Royal” ичимлиги сифат талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Билдирилишича, инспекция томонидан Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган ҳамда импорт қилинаётган маҳсулотлар сифати ва хавфсизлиги мунтазам ўрганиб келинмоқда. Жумладан, бозорлар ва савдо расталарида сотилаётган “Royal” савдо белгиси остидаги анор шарбати маҳсулоти техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабига қай даражада мос келиши ўрганилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, “Royal” савдо белгиси остидаги анор шарбати маҳсулоти тамғаланиши (маркировка) бўйича UzTR.490-022:2017 “Озиқ-овқат маҳсулотларини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент”ининг 8, 36, 53 ва 58-бандлари талабларига номувофиқлиги аниқланган.
Аккредитланган синов лабораториясининг хулосасига кўра, “Royal” савдо белгиси остидаги анор шарбати маҳсулоти таркибида “Азорубин, Э 122” моддаси белгиланган меъёрдан ортиқ эканлиги маълум бўлган.
Қайд этилишича, UzTR.490-022:2017 “Озиқ-овқат маҳсулотларини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент”нинг 36-бандига мувофиқ, таркибида ранг берувчилар (E122 азорубин, E сариқ хинолин, FCF E110 сариқ “қуёш ботиши”, AS E129 қизил мафтункор, 4R E124 понсо ва E102 тартразин) озиқ-овқат маҳсулотлари учун “Таркибида ранг берувчи (ранг берувчилар) мавжуд, улар болаларнинг фаоллигига ва диққатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин” деган огоҳлантирувчи ёзув ёзилиши керак.
Инспекция юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Метрология тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларини бажармаслик қонун бузилишига олиб келиши тўғрисида огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Ўзбекистон дўконларида сотилаётган 8 та озиқ-овқат маҳсулотининг лаборатория синовлари амалдаги ҳужжатларга номувофиқ деб топилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь