Афғонистон Ўзбекистонга навбатдаги айблов билан чиқди
Олам
−
12 Август 2019
36195Хабарингиз бор, жорий йилнинг 8 август куни Доҳадаги “Толибон” ҳаракати раҳбари, Мулла Бародар Охун бошчилигидаги сиёсий идоранинг вакиллари Тошкентга келиб, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашган эди. Орадан кўп ўтмай, Афғонистон Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий Тошкентга “Толибон”га кўрсатилган меҳмоннавозлик учун эътироз билан чиққанди.
Ушбу воқеалардан кейин Афғонистон ТИВ расмий вакили Сабгатуллоҳ Аҳмади РИА Новости агентлигига интервью берди. Унинг қайд этишича, ушбу учрашув Тошкентнинг тинчлик жараёнида Қобулга ёрдам беришни истамаслигини кўрсатмоқда.
Аҳмадининг маълум қилишича, афғонлараро музокараларнинг навбатдаги раунди қачон бўлиб ўтиши тез орада аниқ бўлади. Ушбу музокараларни ўз ҳудудида ўтказиш таклифи билан Ўзбекистон, Индонезия, Норвегия ва Германия Федератив Республикаси таклиф киритган.
2018 йилнинг март ойида Тошкентда ўтказилган Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга бағишланган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон томони афғон расмийлари ва толибларга тўғридан-тўғри музокаралар учун барча шарт-шароитларни яратиб беришга тайёрлигини билдирганди.
Конференциядан кейинги декларация Афғонистон ҳукумати ва қуролли мухолифат, хусусан “Толибон” ўртасида ҳеч қандай шартларсиз тўғридан-тўғри музокараларни тезроқ бошлаш зарурлиги юзасидан умумий фикрни акс эттирди.
Афғонистонда Ҳукумат кучлари билан илгари мамлакатнинг қишлоқ жойларида муҳим ҳудудни эгаллаб олган ва йирик шаҳарларга ҳужум уюштирган “Толибон” радикал ҳаракати жангарилари ўртасида қарама-қаршилик мавжуд. Мамлакат ҳудудида ИШИД террорчилик гуруҳининг таъсири тобора кучайди. Афғонистон Миллий мудофаа ва хавфсизлик кучлари бутун мамлакат бўйлаб қўшма аксилтеррор операцияларини ўтказмоқдалар.
LiveБарчаси