Афғонистон Ўзбекистон ва бошқа давлатлар олдидаги қарзини тўлашга ваъда берди

Олам

image
0:00
0:00
download

Афғонистоннинг қўшни давлатлар олдидаги электр энергиясидан қарзи қарийб 62 миллион долларга етди. Бу ҳақда “Tolo News” телеканали Афғонистон энергетика корпорацияси Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS)га таяниб маълум қилди.

Қайд этилишича, DABS Афғонистонга электр энергияси етказиб берадиган давлатлар – Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Эрондан электр энергиясини ўчирмасликни сўраган ва қарзни тўлашга ваъда берган. Айни вақтда унинг тўртта қўшни давлат олдида 51 миллон доллардан ошиқроқ қарзи бор. 

Таъкидланишича, энергетика корпорацияси қарзларни бартараф этиш учун БМТнинг Афғонистондаги ёрдам миссиясидан 90 миллион доллар сўраган. Агар миссия ёрдам беришни рад этса, электр энергиясининг пулини тўламаган афғонларга босим ўтказилиши мумкин. 

“Қарзлар тўланмаса, қўшни давлатлар экспорт қилинадиган электр энергиясини камайтириб, аста-секин узиб қўйиши мумкин. DABS муаммони зудлик билан ҳал қилиши керак”, дейди энергетика корпорациясининг собиқ директори Омонуллоҳ Ғолиб. 

Қобул аҳолиси ҳам бир-бирини қарзларни тўлашга чақирмоқда. Улар қишда электр энергияси билан боғлиқ муаммоларга дуч келиши мумкинлигидан хавотирда. 

“Биз хусусий компаниялар, фабрикалар ва тўловларини тўламаган одамларни ҳисобларини тўлашга чақирамиз. Шундагина электр энергиямиз узилмайди. Қиш яқинлашаётганлиги сабаб бизни жиддий муаммолар кутмоқда”, дейди қобуллик Абдул Хабир.

Нашрда келтирилишича, ҳар ой Афғонистон қўшни давлатларга 22-25 миллион доллар атрофида қарз тўлайди.

Аввалроқ, Марказий Осиё давлатлари Афғонистон пойтахти Қобулга электр энергияси еткизиб беришни тўхтатиб қўйиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.

Маълумот ўрнида, Афғонистон миллий энергия тизимига эга эмас, мамлакат фойдаланадиган электр энергиясининг ярмини Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон етказиб беради.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

316

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг