Афғонистон пойтахти 2030 йилгача сувсиз қолиши мумкин
Олам
−
09 Июнь 6058 2 дақиқа
Афғонистон пойтахти Қобул аҳолиси 2030 йилгача ичимлик сувидан бутунлай маҳрум бўлиши мумкин. Бу ҳақда Mercy Corps нодавлат гуманитар ташкилотининг ҳисоботига таяниб, “The Guardian” нашри хабар берди.
Ҳисоботга кўра, сўнгги ўн йилликда Қобул атрофидаги ерости сув қатламларида сув сатҳи 30 метрга пасайган. Шаҳардаги қудуқларнинг деярли ярми қуриб қолган. Мутахассислар прогнозига кўра, 2030 йилга бориб ушбу сув қатламлари бутунлай қуриб қолиши мумкин, бу эса Қобулни ичимлик сувисиз қолган замонавий даврдаги илк шаҳар даражасига олиб чиқади. Ҳозирда шаҳарда тахминан 7 миллион киши яшайди, бу кўрсаткич сўнгги 20 йилда етти бараварга ошган.
Инқирозга асосий сабаб сифатида иқлим ўзгаришлари ва урбанизация кўрсатилмоқда. Ҳисоботда ёзилишича, ҳар йили олинаётган сув ҳажми табиий равишда тикланаётган сув миқдоридан 44 миллион куб метрга кўп. Шунингдек, шаҳарда сув кучли даражада ифлослангани, одамлар эса даромадларининг 30 фоизигача бўлган қисмини сувга сарфлаётгани қайд этилган.
Mercy Corps ташкилотининг Афғонистондаги раҳбари Дейн Карри бу борадаги хавфдан огоҳлантирган.
“Ушбу муаммони ҳужжатлаштириш ва халқаро эътиборни жалб этиш учун барча ҳаракатни қилиш зарур. Сув йўқлиги одамларни уйларини тарк этишга мажбур қилмоқда. Агар халқаро ҳамжамият Афғонистоннинг сув муаммоларини ҳал қилишга аралашмаса, бу миграцияни янада кучайтиради ва афғонистонликларнинг аҳволини оғирлаштиради”, дейди у.
Шунингдек, Халқаро Қизил ярим ой жамияти 2025 йил март ойида берган баёнотида Афғонистон аҳолисининг 33 миллиони сув танқислигидан жиддий азият чекаётганини билдирган. Бу муаммонинг сабаблари қаторида қурғоқчилик, ёғингарчилик, айниқса қор ёғиши камайгани ва ҳарорат кўтарилгани келтирилган. Халқаро Қизил ярим ой жамияти аҳолига ёрдам кўрсатиш мақсадида насосларни янгилаш ва сув тозалаш филтрлари ўрнатиш каби лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Фанлар Академиясининг ИМЭМО Марказий Осиё сектори мудири Станислав Притчин онлайн форматда бўлиб ўтган “Иқлим ўзгаришлари ва Марказий Осиёда сув ресурсларидан фойдаланиш муаммолари” мавзусидаги давра суҳбатида турли баҳоларга кўра, 2028 йилга бориб Марказий Осиё сув танқислигининг сурункали босқичига ўтишини айтган эди.
Live
Барчаси