Афғонистон болаларни эмлаш учун масжидлардан фойдаланади

Олам

image

Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматининг соғлиқни сақлаш вазирлиги болаларни полиомиелитга қарши эмлаш бўйича уч кунлик кампания доирасида масжидлардан фойдаланишга қарор қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Шарафат Замон маълум қилди.

Унинг айтишича, болаларни оммавий эмлашнинг биринчи босқичи мамлакатнинг 16 вилоятида амалга оширилади ва унда беш ёшгача бўлган 6,2 миллион нафар бола қамраб олинади.

“Вазирлик оилаларга бепул тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида анъанавий уйдан уйга эмлаш усулидан воз кечди. Бу сафар болалар тиббий пунктлар ва масжидларда ташкил этилган марказларда эмланади”, деди Шарафат Замон.

Шунингдек, полиомиелитга қарши кураш кампанияси самарали амалга оширилиши учун маҳаллий оқсоқоллар, уламолар ва жамоат етакчиларидан шифокорларга ёрдам бериш сўралмоқда. Бу ёндашув полиомиелитга қарши эмлаш ишларини олиб бораётган тиббий ходимлар учун ҳам, кичик беморларнинг ота-оналари учун ҳам янгилик.

“Аввал биз ҳар бир уйга кириб эмлаш ишларини олиб борар эдик, аммо энди бу ёндашув масжиддан масжидга, ҳудуддан ҳудудга ўтмоқда”, деди шифокор Шарифа Резаий.

Ўз навбатида, эмлаш бўйича жамоалардан бирининг раҳбари Саид Руҳулла Иброҳимий барча оилалардан болаларини бепул тиббий хизмат учун яқин атрофдаги масжидларга олиб боришни сўраган.

Статистик маълумотларга кўра, бу йил бошидан мамлакатда полиомиелит билан зарарланишнинг бирорта ҳолати қайд этилмаган.

Маълумот учун, полиомиелит (болалар фалажи) – асосан болаларда учрайдиган, нерв тизимини шикастлайдиган, вирус сабабли келиб чиқадиган ўта юқумли касаллик. Бу касаллик полиовирус деб номланган вирус орқали юзага келади ва асосан ифлосланган озиқ-овқат ва сув орқали юқади. Айрим ҳолларда беморларнинг бурун ва оғиз суюқликлари орқали ҳам юқиши мумкин.

Полиовирус асаб тизимини зарарлаб, мушакларнинг фалажланишига олиб келади. Кўпинча оёқ-қўллар ҳаракатсизланиб, бемор юриш, ҳаракат қилиш қобилиятини йўқотиши мумкин. Оғир ҳолатларда нафас олиш учун жавобгар бўлган мушаклар ҳам фалажланиб, ўлимга сабаб бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти яқин кунларда Ғазо секторида полиомиелитга қарши эмлаш режалаштирилгани сабаб Исроил ва ҲАМАСни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон эмлаш полиомиелит

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг