Аэропортда портлаш бўлиши ҳақида хабар қолдирилди
Жамият
−
01 Ноябрь 2019
12372Маст ҳолатдаги фуқаро Тошкент халқаро аэропортида портлаш содир этилиши ҳақида хабар қолдириб, ваҳима уйғотди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Тергов департаментидан хабар қилишларича, жорий йилнинг 29 октябрь куни соат 13:30 да фуқаро Қ.Т. Жиззах вилояти Арнасой тумани ҳудудида маст ҳолатда ўзининг (93) 736**** рақамли уяли телефонидан фуқаро М. В. нинг номига расмийлаштирилган (90) 320**** телефон рақамига қўнғироқ қилган. Ундан ички ишлар бўлимининг телефон рақамини сўраб, яқинда аэропортда портлаш содир бўлиши ҳақида маълум қилган.
Шундан сўнг, соат 13:45 да Тошкент шаҳридаги аэропортларда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси навбатчилик қисмининг масъул ходими фуқаро Қ.Т.га қўнғироқ қилган вақтида Қ.Т. унга шу куни “Тошкент-Истанбул” йўналиши бўйича учувчи самолётда 5-6 килограммга яқин гиёҳвандлик воситалари олиб ўтилиши, агар аниқ маълумот керак бўлса, учрашиб олиш кераклигини айтган.
Ушбу хабар асосида Жиззах вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Қ.Т. Пахтакор тумани “Деҳқон бозори” ҳудудида ушланиб, холислар иштирокида шахсий тинтув қилинганида, эгнидаги спорт шимининг чўнтагида бир дона уяли телефон аппарати ва унга ўрнатилган (93) 736**** рақамли СИМ-картаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 29 октабр куни Пахтакор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва натижасига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
LiveБарчаси