Аэропортда озиқ-овқат қадоқларида наркотикни Ўзбекистонга киритмоқчи бўлган шахс ушланди
3-саҳифа
−
08:58 1177 2 дақиқа
Хориждан таркибида психофаол ва кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган гиёҳванд моддаларни Ўзбекистонга олиб келиб, уларни сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХ ва Божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган тезкор тадбирда “Бангкок – Тошкент” йўналишида учиб келган фуқаронинг юклари тегишли тартибда рентген аппарати орқали текширувдан ўтказилган. Натижада юклар орасида шубҳали озиқ-овқат маҳсулотлари борлиги аниқланиб, улар очиб кўрилган.
Маълум бўлишича, Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида яшовчи, 2002 йилда туғилган, муқаддам судланган мазкур шахс турли озиқ-овқат маҳсулотлари ниқоби остида 978 грамм каннабис мойи ва таркибида психофаол модда бўлган тахминий оғирлиги 500 граммни ташкил этувчи қўзиқоринларни келгусида сотиш мақсадида олиб келган.
Бошқа ҳолатда эса Тошкент тумани ҳудудида ҳаракатланаётган Damas русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Фарғона вилоятининг Олтиариқ ҳамда Учкўприк туманларида яшовчи, 1987 ва 1989 йилларда туғилган 2 нафар шахсга тегишли полиэтилен пакетларда таркибида Сибутрамин кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган 12 992 дона кофе маҳсулотлари борлиги ошкор бўлган ҳамда тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Аниқланишича, улар қўшни республикадан олиб келинган ушбу маҳсулотларни келгусида Фарғона вилоятида сотмоқчи бўлишган.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат бўйича қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган тезкор тадбирда мамлакатга олиб кирилаётган 11,8 килограмм гашиш мойи мусодара қилинганди.
Live
Барчаси