“Адолат” СДП “Бекобод иши” терговидаги қийноқлар бўйича адолат талаб қиляпти
Жамият
−
25 Февраль 2020
9235
Аввалроқ, QALAMPIR.UZ’да “Махсус фильм: Бош прокуратурадаги даҳшатли қийноқлар (18+)” номли мақола ва фильм эълон қилинган эди. Мазкур фильмга нисбатан “Адолат” социал-демократик партияси муносабат билдирди. Унда шундай дейилади:
“QALAMPIR.UZ сайтида Бош прокуратура томонидан 2017 йилда “Бекобод металлургия комбинати” (Ўзметкомбинат) АЖга оид жиноят иши тергови қонунчиликка зид равишда ўтказилганлиги, терговда иштирок этганларга ва яқинларига Бош прокуратура терговчилари томонидан жисмоний ҳамда руҳий тазйиқлар ўтказилиб, қийноққа солинганликлари ёритилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Бош прокуратура томонидан текшириш ҳаракатлари бошланди. Тез орада эълон қилинган мақола ва фильм бўйича барча томонларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланиши маълум қилинди.
Ушбу ҳолат бўйича Бош прокуратура томонидан тезкор муносабат билдирилганини ва текшириш ишлари бошланганини ижобий баҳолаймиз. Бу оммавий ахборот воситаларининг “тўртинчи ҳокимият”га айланиш сари дадил қадамлар ташланаётганини кўрсатиб берди.
Умид қиламизки, Бош прокуратура мазкур ишни қонуний тартибда кўриб чиқади ҳамда адолат таъминланишига эришади. Зеро инсон ҳар нарсага чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидолмайди. Адолатсизлик адолатни таъминловчи идоралар томонидан содир этилса, бир неча карра оғриқли бўлади. Бу каби ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда амалга оширилган ислоҳотлар бугунги кун шиддатидан ортда қолаётганини англатади.
Бежизга, Президентимиз жорий йилги парламентга Мурожаатномасида судгача бўлган тергов жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари нега бузилган, деган саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келганини, шунингдек, тергов ва суд амалиётига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор стандартларни жорий этиш мақсадида Фуқаролик, Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижроия, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларни янгитдан қабул қилиш лозимлигини таъкидламадилар.
Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам мазкур соҳада бир қатор тизимли ислоҳотларни амалга ошириш вақти келди деб ҳисоблайди.
Биринчидан, бугунги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ИИВ ва ДХХ томонидан амалга оширилмоқда. Дастлабки тергов органларининг тарқоқлиги натижасида инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари юз бераётганлиги сайловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Ушбу ҳолатни бартараф қилиш, дастлабки тергов устидан назоратни кучайтириш мақсадида, мамлакатда ягона тергов органи – Тергов қўмитасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурамиз.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорларнинг қонунларни аниқ бажарилиши устидан назорат қилиш вазифасини кенгайтириш ва қуйи прокуратура органларига “Халқ прокуратураси” мақомини бериш ташаббусини амалга ошириш керак.
Учинчидан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш тартибини янада такомиллаштириш ва унинг шаффофлигини янада ошириш лозим деб ҳисоблаймиз.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қадр-қиммати муқаддас бўлиб, уни тергов, суд, суриштирув, жазо этиш муассасаларида чеклашга, ҳуқуқини поймол қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг кузида “Бекобод металлургия иши” бўйича 30 дан ортиқ фуқаролар жиноят кодексининг талон-торож қилиш ва бошқа моддалари билан айбланган. Уларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Барча воқеа шундан бошланган. Уларнинг айтишича, терговдаги шахсларнинг ҳуқуқлари терговчилар томонидан поймол этилган. Тергов вақтида Бош прокуратура ходимлари уларни аёвсиз калтаклаган, бошларига “целлофан” пакет кийдирган, совуқ хоналарда ечинтирган, турли даражадаги жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказган. Фильмда мазкур ҳолатлар фуқаролар тилидан ҳикоя қилинади.
Фильм ортидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Бош прокуратура томонидан текшириш ҳаракатлари бошланганини маълум қилди.
“Текшириш натижасига кўра, эълон қилинган мақола ва фильм бўйича барча томонларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади”, дейилади Бош прокуратура баёнотида.
LiveБарчаси