“Адолат” “ЛУКОЙЛ” мансабдорига чора кўрилишини талаб қиляпти
Жамият
−
13 Ноябрь 2019
5939Кеча, 12 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда “ЛУКОЙЛ” мансабдори ишчиларни ҳақорат қилгани тасвирланган видео тарқалган эди. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикаси Қонунчилигига зид эканини эслатиб, тегишли органларда қонун устуворлигини таъминлашни талаб қиляпти.
“Ўзбекистон “Адолат” СДП бу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 13-моддасидаги “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади” деган меъёрга зид, деб ҳисоблайди ва шу сабабли Жамият раҳбарияти ҳамда тегишли давлат органларидан бу масалага ойдинлик киритиб, қонун устуворлигини таъминлашни сўраб қолади.
Видеотасвирдан яққол кўриш мумкинки, раҳбар қўл остидаги ходимларни ҳақоратлаб, уларнинг шаъни ва қадр-қимматига ҳурматсизлик билдирган.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси видеотасвирда гавдаланган ҳолат юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суриштирув ишлари олиб бориш, хизмат ваколати доирасидан четга чиққан мансабдор шахснинг жиноий ёки маъмурий жавобгарлик масаласини муҳокама қилиш, натижаси ҳақида оммага хабар бериш зарурлигини қайд этади ва бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи масъул давлат органларининг муносабатини сўрайди”, дейилади партия сайтида эълон қилинган хабарда.
Россиянинг “ЛУКОЙЛ” компанияси амалдори ишчилардан бири қўлланмага номувофиқ ишлагани учун уни қўйлар подаси ва бошқа оғир ҳақоратли сўзлар билан таҳқирлайди.
“Ҳеч ким назорат қилмайди. Нега бу ерда қўйлар подаси бўлиб турибди? Қўлланмани нега ёздик? Кетинг уйингизга, қишлоғингизга”, дея ишчиларни камситган “Лукойл” мансабдори.
Халқаро оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотга кўра, видеодаги “тили ширин” амалдор “ЛУКОЙЛ” Uzbekistan Operating Co бош энергетиги Иван Александрович Шилов. Шунингдек, ҳақоратланган ишчилар ўзбек мансабдорларига шикоят қилганида ҳеч қандай чора кўрилмагани таъкидланган.
Мазкур видеода тасвирланган ҳолат юзасидан ҳозирча ҳеч бир расмий давлат идораси тушунтириш бермади.
LiveБарчаси