Адлия вазирлиги давлат органларининг ваколатларини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди
Жамият
−
17 Декабрь 2020
4941Тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини янада кучайтириш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик соҳасида давлат назоратининг сифати ва кўламини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳада ортиқча назорат функцияларни бекор қилишдан тортиб “ақлли назорат” моделини жорий этишгача таклифлар бор.
Жумладан, Фармон лойиҳаси билан 19 та вазирлик ва идораларнинг 33 та назорат функцияларини бекор қилиш, 7 та вазирлик ва идораларнинг ўзига хос бўлмаган 14 та назорат функцияларини 8 та масъул ташкилотларга ўтказиш, шунингдек 18 та ортиқча назорат функцияларини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатидан чиқариб ташлаш кўзда тутилмоқда.
Шулар жумласига Ички ишлар вазирлигининг транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш станцияларида транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини текшириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг белгиланган савдо қоидаларига риоя этилиши, назорат касса машиналари мавжудлиги устидан назорат ва бошқа ваколатлар киради.
Шунингдек, солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг банкдаги ҳисобварақларига инкассо қўйиш ва банк операцияларини тўхтатиб туриш ваколати фақат суд қарори асосида амалга ошириш бўйича эксперимент назарда тутилган.
Бундан ташқари, Фармон лойиҳасига кўра текширишларни ўтказиш, маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилишни тўлиқ электрон равишда амалга ошириш имконини берувчи “Ягона давлат назорати” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилади.
“Ягона давлат назорати” автоматлаштирилган ахборот тизимида:
• давлат органлари ва ташкилотларининг назорат функциялари ягона реестри шакллантирилиши ва очиқ тарзда юритилиши;
• Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими интеграция қилиниши;
• тадбиркорлик фаолият турлари бўйича мажбурий талаблар рўйхати ва текширув варақалари жойлаштирилиши;
• “Электрон инспектор” модули орқали тадбиркорларни масофавий тарзда текшириш ва бошқа имкониятлар назарда тутилган.
Мазкур чоралар асосида назорат қилувчи органларнинг коррупциявий хавф-хатарлар харитаси шакллантирилади, уларни минималлаштириш ва жиловлаш чоралари кўрилади ҳамда улар асосида назорат қилувчи органларнинг рейтинги тузилади.
Шу билан бирга, текширишни ўтказиш бўйича қарор қабул қилган назорат қилувчи орган томонидан тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, коррупциявий ҳуқуқбузарликлар учун тарафларнинг жавобгарлигини назарда тутувчи хабарнома юбориш амалиёти йўлга қўйилади.
Янги тизимни апробация қилиш бўйича ҳуқуқий эксперимент биринчи бўлиб Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида 2021 йил 1 майдан бошлаб 2022 йил 1 январга қадар ўтказиш режалаштирилган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, мазкур тизим:
• биринчи босқичда – 2021 йил 1 декабрга қадар Фармон талаблари тадбиркорликнинг 5 та асосий фаолият турларига (чакана савдо, умумий овқатланиш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш ва йўловчиларни ташиш);
• иккинчи босқичда – 2022 йил 1 декабрга қадар – 10 та фаолият турларига;
• учинчи босқичда – 2023 йил 1 декабрга қадар – барча фаолият турлари бўйича мажбурий талаблар рўйхати ва текширув варақалари тузилади ва “Ягона давлат назорати” автоматлаштирилган ахборот тизимида жойлаштирилади.
LiveБарчаси