Абу-Даби суди ака-ука Нурмагомедовларни озод қилди

Спорт

−

image

Абу-Даби Жиноят ишлари бўйича суди россиялик ММА жангчилари Усмон ва Умар Нурмагомедовлар иштирокидаги жанжалга алоқадорликда айбланган саккиз кишининг жазосини енгиллаштириб, уларни ҳибсдан озод қилди. Бу ҳақда Абу-Даби Суд департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Суд аввал тайинланган жазони ҳар бир айбланувчи учун 150 минг БАА дирҳами (тахминан 41 минг доллар) миқдоридаги жарима билан алмаштирди. Қарор жанжал иштирокчилари бир-бирига нисбатан даъволаридан воз кечгани ва жабрланувчи Абу-Даби расмийларидан маҳкумларни озод қилишни сўраганидан кейин қабул қилинган.

Аввалроқ, UFC собиқ чемпиони, грузиялик Мераб Двалишвили ижтимоий тармоқларда Усмон Нурмагомедов ва унинг дўстларини ўзига ҳужум қилганликда айблаган эди. Кейинчалик жанжалга алоқадор шахслар ҳибсга олинган.

Маълум қилинишича, дастлаб 10 киши қўлга олинган, улардан икки нафари озод этилган. Қолган саккиз киши 6 ойлик қамоқ жазоси ва 300 минг дирҳам жаримага ҳукм қилинган. Ҳибсга олинганлар орасида Усмон Нурмагомедов ҳам бўлган. Кейинчалик Двалишвили Абу-Даби расмийларидан қўлга олинганларнинг барчасини озод қилишни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил январь ойида Мераб Двалишвили Умар Нурмагомедов билан жанг қилиб, ҳакамлар қарорига кўра ғалаба қозонган ва UFC чемпионлик камарини ҳимоя қилган. Айни пайтда мазкур камар россиялик Пётр Янга тегишли. Двалишвили сўнгги икки жангини айнан Янгга қарши ўтказиб, чемпионлик камарини қўлдан бой берган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг