Аблязов мендан Қозоғистонда инқилоб уюштириш учун ёрдам сўраган – Жапаров
Олам
−
16:35 1586 3 дақиқа
Қозоғистонлик мухолифатчи Мухтор Аблязов 2020 йил октябрь воқеалари пайтида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ундан пул сўраганини айтди. Жапаров эса бу даъвони рад этиб, аксинча, Аблязов унга Қозоғистонда инқилоб уюштиришни таклиф қилганини билдирди. Бу ҳақда у “Super.kg”га берган интервьюсида гапирди.
Қирғизистон Президенти 2020 йилда Аблязов билан телефон орқали суҳбатлашганини тасдиқлаган. Бироқ унинг айтишича, мулоқот мухолифатчи айтганидек 40 дақиқа эмас, атиги икки дақиқа давом этган. Жапаров 2020 йил октябрига қадар Аблязов билан шахсан таниш бўлмаганини ҳам таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, телефон орқали мулоқот ўша пайтда ёнида бўлган Мелис Аспеков туфайли амалга ошган.
“Бир куни у олдимга келиб, телефонни узатди. Мухтор Аблязов сиз билан гаплашмоқчи, деб айтди. Ҳеч нарсадан шубҳаланмай гўшакни олдим”, дейди Жапаров.
Президентнинг билдиришича, суҳбат давомида Аблязов дастлаб қирғизистонликларни октябрь воқеалари муносабати билан мақтаган, кейин эса ундан Қозоғистонда инқилоб уюштиришга ёрдам беришни сўраган.
“Сиз қирғизлар уч марта инқилоб қилдингиз, биз қозоқлар ҳеч нарса қилолмаймиз. Шунинг учун бизга ёрдам беришингизни сўрайман. Агар рухсат берсангиз, Бишкекка учиб бораман, Қозоғистондан туриб инқилоб уюштираман”, дея Аблязовнинг гапларини эслаган Садир Жапаров.
Қирғизистон Президентининг айтишича, у бу таклифни қатъиян рад этган.
“Биринчидан, мен қўшни давлатлар сиёсатига аралашмайман. Иккинчидан, сиз туфайли Қозоғистон билан муносабатларни бузмоқчи эмасман. Яхшиси, келманг, ўз ишларингиз билан шуғулланинг”, дейди Жапаров Аблязовга берган жавобини эслаб.
Президент телефон суҳбати тахминан икки дақиқа давом этганини яна бир бор таъкидлаган. Шунингдек, у Аблязовдан пул сўрагани ҳақидаги даъвони ёлғон деб атаган.
“Агар у шундай деяётган бўлса, демак, у ҳақиқий фирибгар. Мен ундан ҳеч қандай пул сўраганим йўқ”, дейди Садир Жапаров.
У 2020 йил октябрь ойида Аблязовдан молиявий ёрдам сўрашга эҳтиёжи бўлмаганини айтган.
Маълумот учун, Мухтор Аблязов — қозоғистонлик тадбиркор ва мухолифатчи сиёсатчи, Қозоғистоннинг собиқ энергетика, саноат ва савдо вазири. У, шунингдек, “BTA Bank” директорлар кенгашининг собиқ раиси ҳисобланади. Аблязов банкдан қарийб 6 миллиард доллар маблағни ўзлаштирганликда айбланган.
2012 йилда Британия суди Аблязовни судга ҳурматсизлик қилгани учун 22 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Унинг активларини яширгани, суд тақиқларини бузгани ва ёлғон кўрсатмалар бергани аниқланган. Бироқ Аблязов Буюк Британияни тарк этган ва жазони ўтамаган.
2017 йил июнь ойида Олмаота суди уни “BTA Bank” маблағларини талон-торож қилиш ва бошқа молиявий жиноятлар бўйича сиртдан 20 йилга озодликдан маҳрум қилган. 2018 йил ноябрь ойида эса Жамбил вилояти суди Аблязовни 2004 йилда вафот этган банкир Ержан Татишевнинг ўлдирилишини ташкил этганликда айблаб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган.
Аблязов ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, таъқиб сиёсий сабабларга кўра амалга оширилаётганини билдирган. Ҳозирда у Францияда яшаб келмоқда. Бироқ Франция ҳукумати ва судлари Аблязовнинг сиёсий бошпана мақомини бекор қилган ва унга мамлакатни тарк этиш бўйича кўрсатма берилган. Шунга қарамай, у апелляция ва суд жараёнлари давом этаётгани сабабли Франция ҳудудида қолишда ва ижтимоий тармоқлар орқали ўз фаолиятини олиб боришда давом этмоқда.
Маржона Маманиёзова
Live
Барчаси