Абхазия парламентида депутатлар отишма содир этди. Қурбон бор

Олам

image

Бугун, 19 декабрь куни тан олинмаган Абхазия республикаси парламентида отишма содир бўлди. Депутатлардан бири Вахтанг Голандзия олган жароҳатлари оқибатида вафот этди. Бу ҳақда республика соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, “Апсныпресс” хабар берди.

Абхазия ички ишлар вазирлиги вакилларига кўра, жанжал депутатлар Адгур Харазия, Кан Кварчия ва Вахтанг Голандзия иштирокида юз берган. Харазия бир неча бор ўқ узган, бунинг оқибатида Кварчия ва Голандзия жароҳат олган. Маълумотларга кўра, отишма парламентдаги ёпиқ мажлис чоғида содир бўлган.

Вақтинча Абхазия ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Роберт Киутнинг билдиришича, Адгур Харазия воқеа жойидан яширинган. Пешонасидан жароҳат олган Кан Кварчия реанимацияда, бироқ унинг ҳаётига хавф йўқлиги қайд этилган. Парламент биносида ҳозирда ички ишлар вазирлиги ва прокуратура тергов гуруҳи иш олиб бормоқда.

Абхазия президенти вазифасини бажарувчи Бадра Гунба кучишлатар тузилмалар вакилларининг воқеа юзасидан маълумотларини тинглаган. Мажлис иштирокчилари ҳодиса бўйича тергов бошлангани ҳақида ҳисобот берган.

Маҳаллий AMPA-Life Telegram-каналига кўра, парламентдаги мажлисда криптовалюта ишлаб чиқаришни тақиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинган. Ушбу муҳокама давомида Адгур Харазия ва Кан Кварчия ўртасида жанжал чиққан, Вахтанг Голандзия эса уларни ажратмоқчи бўлган.

Қайд этилишича, отишмада асосий гумонланувчи сифатида депутат Адгур Харазия кўрилмоқда. Харазия 65 ёшда. У 1993 йилдан 2002 йилгача Гулрипш тумани маъмурияти раҳбари, 2002-2003 йилларда эса қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган. 2014 йил октябрь ойида Харазия Сухуми шаҳар маъмурияти раҳбари этиб тайинланган. У 2007, 2012 ва 2022 йилларда парламент депутатлигига сайланган.

Маълумот учун, 2020 йил декабрь ойида Сухумида содир бўлган бошқа бир отишма воқеасида Харазия бир кишини оёғидан яралаган. Ўшанда унга нисбатан атайин оғир тан жароҳати етказиш ва қуролни ноқонуний сақлаш моддаларига биноан икки жиноят иши қўзғатилган. Кейинчалик у уй қамоғига ҳукм қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абхазия вице-президенти Бадра Зурабович Гунба Аслан Бжания истеъфога чиққанидан сўнг давлат раҳбари вазифасини ўз зиммасига олганди.


Мақола муаллифи

Теглар

отишма парламент Абхазия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг