ИИВ Абдуллоҳ Зуфарнинг қаердалигини айтганларни мукофотламоқчи

Жамият

image

Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистондаги конституциявий тузумни ағдаришга даъват қилгани учун халқаро қидирувга берилган Абдуллоҳ Зуфарнинг (Зофир Ғаффоров) аниқ манзилини айтган шахсларни амалдаги қонунчиликка асосан мукофотлайди.

Вазирлик Матбуот хизмати хабарига кўра, Абдуллоҳ Зуфар интернет тармоғидаги ноқонуний тарғибот фаолияти орқали фуқаролар, айниқса, ёшлар орасида терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиноятчиликнинг ошишига, оилалар парокандалигига, ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларда зиддиятларга, фарзандларнинг қуролли можаролар давом этаётган ҳудудларга чиқиб кетишларига асосий сабаб бўлмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаларига кўра, Абдуллоҳ Зуфарнинг аксарият маърузалари Ўзбекистон конституциявий тузумини зўрлик билан ағдаришга хизмат қилувчи ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган бўлиб, уларни республика ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш ва тарқатиш тақиқланади.

Шу сабабли фуқаролар Абдуллоҳ Зуфарнинг диний маърузалари акс этган ҳар қандай кўринишдаги диний материалларни республика ҳудудига олиб кириши, сақлаши (шу жумладан, компьютер, ноутбук, телефон аппаратлари ва бошқа электрон маълумотларни сақлаш/ташиш қурилмаларида) ва тарқатиши (оғзаки, ёзма, электрон кўринишда ва ҳ.к.) Жиноят кодексининг 159, 244 прим 1 ва 246-моддалари билан жиноий жавобгарликка ҳамда узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилишига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирилган.

Абдуллоҳ Зуфарга нисбатан республика ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан халқаро қидирув эълон қилинган бўлиб, унинг ҳозирги кундаги аниқ манзили, алоқа воситалари, жиноий алоқалари ҳамда бошқа тергов учун аҳамиятли маълумотларни тақдим этган шахсларга, башарти уларнинг маълумотлари тасдиқланган тақдирда амалдаги қонунчиликка асосан мукофот пуллари тақдим этилади.

“Агарда, юқоридаги маълумотларни тақдим этган шахсларнинг ўзлари қидирувда бўлса, уларни жиноий жавобгарлигини енгиллаштириш ва мамлакатга қайтариш чоралари кўриб чиқилади.

Абдуллоҳ Зуфар ҳақида маълумотларга эга шахслар Ички ишлар вазирлигининг 102 қисқа, (+998) 71 231-34-33 рақамларига ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига мурожаат қилишлари мумкин”, дейилади ИИВ хабарида.

Вазирлик маълумот тақдим этган шахсларнинг махфийлиги сир сақланиши кафолатланишини қўшимча қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

ИИВ қидирув

Баҳолаганлар

1646

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг