Абдулла Арипов Москвада ЕОИИ йиғилишида қатнашди
Олам
−
13 Декабрь
1853Бугун, 13 декабрь куни Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Амалий ташриф билан Москва шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов мазкур йиғилишда кузатувчи давлат мақомида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати порталида хабар берилди.
Мажлисда Россия Федерацияси ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Беларусь Бош вазири Роман Головченко, Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, видео мурожаат орқали Куба Бош вазири Мануэль Круз қатнашди.
"Ўзбекистон кузатувчи мақомида Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари билан кўп томонлама иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлиги билдирилди. Жорий йилнинг ўн ойи якуни бўйича Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 12 фоизга ўсди", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида инвестиция, транспорт-логистика, туризм соҳаларида ўсиш кузатилган. Бунда айниқса, “Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” халқаро транспорт йўлаги яратилгани муҳим аҳамиятга эга бўлган.
Жорий йил октябрь ойида Ереванда бўлиб ўтган Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши якунлари бўйича имзоланган уч йиллик Қўшма ҳаракатлар режасини амалга ошириш бошлангани, шунингдек, келгуси баҳорда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва ЕОИИ Ишбилармонлар кенгашининг қўшма мажлиси, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ва Евроосиё иқтисодий комиссиясининг ўзаро ҳамкорлиги бўйича қўшма ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилишини ташкил этиш бўйича фаол тайёргарлик ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
Мажлисда Ўзбекистон томони иштирокчиларни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг сўнгги йиғилишида илгари сурган ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлашга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилиши жорий йил 8 май куни Москвада бўлган ва унда Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашганди.
LiveБарчаси