Абдулла Арипов Арманистонга борди
Олам
−
01 Октябрь
4451Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация Евросиё Иқтисодий Иттифоқи Ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг навбатдаги мажлисида кузатувчи мақомида иштирок этиш учун Арманистоннинг Ереван шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов хабар берди.
Арипов ўз нутқида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётганини таъкидлади.
Йиғилиш сўнггида Евросиё иқтисодий комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг 2024-2026 йилларга мўлжалланган қўшма тадбирлари режаси имзоланган.
Шунингдек, Ереванга ташриф доирасида Бош вазир Абдулла Арипов Эроннинг Биринчи вице-президенти Муҳаммад Ризо Ориф билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Учрашувда Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бизнес-форумга пухта тайёргарлик кўриш, давлатлар ўртасида турли соҳаларда саноат кооперация лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Евросиё иқтисодий форумида ҳам иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олмаота шаҳрида Абдулла Арипов қозоғистонлик мавқедоши билан учрашганди. Арипов ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов бошчилигида ўтган йиғилишда сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига асосланган стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди.
LiveБарчаси