“Бу — қаҳрамонлик эмас”. Сафоев қалтис вазиятда тўй ўтказишни жиноятга тенглаштирди

Жамият

image

Коронавирус билан боғлиқ вазият тез орада ортда қолади ва ҳаёт ўз изига тушиб кетади, деб ишонч билдирди Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев. У бу ҳақда Халқаро пресс-клубнинг COVID-19 га қарши бутун дунёда олиб борилаётган кураш таҳлилига бағишланган сессиясида айтиб ўтди.

“Бу воқеалар ортда қолади ва доимий ҳаёт тарзимизга қайтиб келамиз. Мана шундай офатлар жамият ўз измидан чиққанда, яъни урушлар, зиддиятлар, ўзаро келишмовчиликлар авжига чиққанда эшигимизни қоқади. Бу эса аслида ишора, хабар. Ҳушёрликка чақирув.

Инсоният хавф остида, биз ўткинчи зиддиятлардан ўзимизни чегаралай олишимиз керак. Урушлар ва шу сингари эпидемиялар инсонларнинг энг яхши фазилатлари ва энг жирканч иллатларини намоён қилади”, деди Сафоев.

Шунингдек, сенатор мамлакатда коронавирус кенг тарқалиши мумкин ўлган бир вақтда тўйлар ўтказилишини қоралади.

“Шундай қалтис вазиятда тўйларни ўтказиш, бу — қаҳрамонлик эмас, балки жиноятдир. Ҳозир сохта қахрамонлик қиладиган вақт эмас.

Инқироз даврида энг хавфли нарса — саросимага тушиш. Бу жуда катта хатоларни келтириб чиқариши мумкин”, дея фикр билдирди Сафоев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда ушбу вирусни юқтириб олганлар 46 нафарга етди.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Содиқ Сафоев коронавирус

Баҳолаганлар

86

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг