Абдуқодир Мўминовнинг очиқ судига журналистлар нега киритилмади?(видео)
Жамият
−
25 Июль 2023
14367Бугун, 25 июль куни блогер Абдуқодир Мўминовга оид жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида кўриб чиқилмоқда. У жорий йилнинг февралида ҳибсга олинганди. Воқеа жойида бўлиб турган QALAMPIR.UZ журналисти суд залига оммавий ахборот воситалари ходимлари киритилмаганини маълум қилди. Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов ушбу ҳолатга изоҳ берди.
Унинг сўзларига кўра, Абдуқодир Мўминовга оид жиноят иши судда очиқлик таъминланган тарзда кўриб чиқилмоқда. Унда журналистлар ҳам иштирок этмоқда. Фақат суд залида жой етишмаслиги ва ўринлар айбланувчининг яқинлари билан тўлгани сабабли ҳамма журналистлар суд залига киритилмаган.
Шунингдек, ташқарида қолаётган журналистлар вакили сифатида журналист Навбаҳор Имомова суд залига киритилган. У суд бошланганини ва камералар ишлаётганини тасдиқлаган.
Маълумот учун, блогер Абдуқодир Мўминов Жиноят кодексининг 141-1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б”, “в” бандлари, 4-қисми “а” банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Тасдиқланган айблов хулосасига кўра мазкур жиноят иши бўйича 14 нафар жабрланувчи мавжуд бўлиб, жиноят оқибатида уларга жами 903 млн 421 минг 567,5 сўм миқдорида моддий зарар етказилганлиги аниқланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига фуқаро Э.З. ариза билан мурожаат қилиб, блогерлик билан шуғулланувчи Абдуқодир Мўминов исмли шахснинг ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Бунинг ортидан Мўминовга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик), 165-моддаси (Товламачилик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилиб, у процессуал тартибда ушланганди. Кейинчалик ижтимоий тармоқларда блогер Абдуқодир Мўминовнинг тергов вақтида қийнаб ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Бироқ Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZʼга Мўминовнинг тергов пайтида вафот этгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилган эди.