Аҳолининг қарзини қайтариш ҳолати билан боғлиқ хавотирлар ортиб бормоқда – МБ

Жамият

image

Ўзбекистонда аҳоли қарз юки сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг 2023 йил I ярим йилликдаги молиявий барқарорлик шарҳида маълум қилинди.

Қайд этилишича, 6 ой давомида мамлакатда чакана кредитлаш сегментида фаоллик кескин ошган. Хусусан, аҳолининг ялпи ва ипотека кредитлари бўйича қарз юки ўсиб боряпти.

“Ўзбекистонда сўнгги йилларда юқори кредитлаш жараёнининг кузатилиши натижасида жами кредитларнинг ялпи ички маҳсулотга нисбати юқори даражада шаклланди. Аҳолига тақдим этилаётган кредитлар қолдиғининг йиллик ҳисобда тез суръатларда ўсиши молия тизимида кредит таваккалчиликлари кўпайишига, шунингдек, нисбатан кам даромадли қарздорларнинг кредитларни қайтара олмаслик хавфининг ошишига сабаб бўлиши мумкин”, дейилади шарҳда. 

Маълум қилинишича, қарзга хизмат кўрсатиш нисбати аҳолининг жами кредитлари бўйича қарз юкига нисбатан паст даражада шаклланаётганини, аммо юқори ўсиш тенденциясини кўрсатмоқда.

Жорий йил январь-июнь ойларида аҳолининг жами кредитлари бўйича қарзга хизмат кўрсатиш нисбати бир оз ортган. Аҳолининг қарздорлик даражасининг ортиши молия тизими барқарорлигига салбий таъсир кўрсатган ҳолда нафақат қарздорларнинг, балки кредит берувчи ташкилотларнинг ҳам эҳтимолий шокларга заифлигини ошириши мумкин.

“Аҳолининг қарз мажбуриятларини бажариш ҳолати билан боғлиқ хавотирлар ортиб бормоқда. Жумладан, жисмоний шахсларнинг қарзга хизмат кўрсатиш коэффициенти ўсувчи трендни намоён этди. Бу бевосита чакана кредитлар бозорида фаолликнинг ошиши билан изоҳланади. Ушбу тренднинг сақланиб қолиши жисмоний шахслар даромадининг кўпроқ қисми қарзларни сўндиришга йўналтирилганини ҳамда уларнинг даромад ва бошқа шокларга нисбатан таъсирчанлигининг ортиши бўйича хатарларнинг мавжудлигини кўрсатмоқда”, дейилади Марказий банкнинг шарҳида.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк бошқарувининг 2023 йил 26 октябрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиришга қарор қабул қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк кредит

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг