Аҳолига газ ва кўмир етказиб берилишини ИИВ назорат қилади
Жамият
−
12:10 466 2 дақиқа
Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини кўмир, табиий ва суюлтирилган газ билан барқарор таъминлаш, шунингдек, коррупция ва талон-торожликларнинг олдини олиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, йиғилишда ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари ва ҳамкор ташкилотлар мутасаддиларига қуйидаги вазифалар белгилаб берилган:
- Ҳудудларда таъминот билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш;
- Энергетика маҳсулотларининг темир йўл орқали ташилишида юклар бутлиги ва манзилга етиб боришини назорат қилиш, уларни ташувчи транспорт воситалари ҳаракатининг хавфсизлигини таъминлаш;
- Газ тўлдириш шохобчалари, омборлар ва тақсимлаш базаларида қўриқлашни кучайтириш, моддий бойликларнинг талон-торож қилинишига йўл қўймаслик чораларини кўриш;
- “Ҳудудгазтаъминот” АЖ билан ҳамкорликда суюлтирилган газ баллонларини аҳолига ўз вақтида етказиб бериш, маҳсулот ҳажми ва тақсимотининг ҳисобини юритиш, таъминотдаги узилишлар сабабларини аниқлаш ҳамда истеъмолчилар мурожаатларини ҳал этиш;
- Транспорт вазирлиги билан биргаликда энергетика маҳсулотларини ташиш логистикаси ва белгиланган йўналишларга риоя этилишини назорат қилиш.
Қайд этилишича, ўтган бир ой давомида амалга оширилган ишлар натижасида аниқланган коррупциявий ҳолатларга эътибор қаратилган. Жумладан, кўмир маҳсулотини ноқонуний сақлаш ва ўтказиш билан боғлиқ жами 16 та ҳолат аниқланиб, жами 333 тонна 540 кг кўмир маҳсулотлари ноқонуний муомаладан мусодара қилиниб, аҳолига эҳтиёжлари учун етказилган.
Шунингдек, суюлтирилган газни ноқонуний сақлаш, ўтказиш билан боғлиқ жами 374 та ҳолат аниқланиб, ноқонуний муомаладан жами 9 139 дона газ баллонлари ҳамда 92 тн 936 кг суюлтирилган газ мусодара қилиниб, аҳоли истеъмоли учун қайтариш чоралари кўрилган. Масалан, ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жорий йилнинг октябрь ойида Самарқанд вилоятида “Pastdargʻomtumangaz” газ таъминоти корхонаси ходимлари олдиндан жиноий тил бириктириб, аҳоли истеъмоли учун ажратилган углеводород гази тўлдирилган маиший газ баллонларини махсус транспорт воситалари ёрдамида талон-тарож қилаётганликлари аниқланиб, қиймати 32 млн сўмлик жами 3 тонна 100 кг углеводород газ маҳсулотлари мусодара қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан “Pastdarg‘omtumangaz” газ таъминоти корхонаси ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда ҳолатнинг бошқа тафсилотлари аниқланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жорий йилнинг 19-21 октябрь кунлари ўтказилган рейдлар давомида ноқонуний муомалада бўлган 3 мингдан зиёд газ баллонлари ва уларда сақланаётган 13 минг 636 кг суюлтирилган газ маҳсулоти ашёвий далил сифатида олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси