“Аҳоли, айниқса, ёшлар ҳеч қандай заруратсиз кўчаларни тўлдириб юрибди”. Президент карантин тугамаганини урғулади

Жамият

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 13 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида карантин талабларини ҳушёрликни оширган ҳолда янада юмшатиш, иқтисодиёт тармоқларини босқичма-босқич ишлатиш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда давлат раҳбари мамлакатда карантин чораларининг юмшатилишини одамлар нотўғри тушунаётгани, шу боис касаллик аниқланиши бўйича рақамлар яна ўсаётганини қайд этди. 

“Ҳозир вазиятнинг ўзи шундай талаб қиляптики, катта-катта давлатлар ҳам пандемия қандай оғир бўлмасин, иқтисодиётни тиклаш бўйича кўп чоралар кўрмоқда. Дунёда пандемия ҳали давом этаётгани, қатор давлатларда вирус оқибатлари энди авжига чиқаётганини ойнаи жаҳон орқали кўриб, билиб турибсиз. Лекин қатор давлатлар карантин чекловларини аста-секин юмшатишни бошлади. Чунки ҳаёт давом этмоқда. Одамларни боқиш барча давлатлар учун бош вазифа бўлиб қолди.  

Дунёда  коронавирусга қарши вакцина ва даволайдиган дори воситаси ҳали топилмагани сабабли ушбу инфекция мавжуд бўлган шароитда яшаш ва ишлашга ўрганишимиз керак. Биз ҳам эпидемиологик вазият жиловини маҳкам ушлаб, энг аввало иқтисодий фаолликни босқичма-босқич тиклаш орқали аҳолининг ишлаши ва даромад олишини таъминлаш бўйича иш олиб боряпмиз”, дейди давлат раҳбари. 

Карантин чораларига амал қилиш энг аввало туман, шаҳар ва вилоят ҳокимлари бошчилигида сектор раҳбарларининг асосий вазифаси экани таъкидланди. 

“Ҳамма билсин: қаерда жиловини қўйиб юборса, жиноий жавобгарликка тортилади. Гап одамларнинг соғлиғи, одамларнинг умри тўғрисида кетяпти. Карантин нормаларига эътибор бериб, иқтисодий тармоқларнинг жиловини қўлга олиб, тиклаш учун курашиш керак. Тажрибамизни инобатга олиб, иқтисодиётимизни, тармоқларни, ҳар бир соҳани жойига қўймас эканмиз, натижа бўлмайди. Билиш керак, ҳар бир корхона билан гаплашиш керак. Муаммоси нима, дарди нима, қандай имконият ярата оламиз? 

Пандемия даврида бизни энг тўғри қилган йўлимиз – қандай оғир бўлмасин, катта-катта корхоналаримизнинг бирортасини тўхтатганимиз йўқ. Март ва апрель ойи кўрсаткичларини биз ўзимиз таҳлил қилдик. Лекин бу ой ҳаммамизга синов. Давлатнинг ижтимоий инвестиция ва бошқа харажатлари учун бюджетга етарли тушум туширишни ҳам ўйлашимиз зарур. Бу борада ўзимиздаги ҳақиқий аҳвол ва тажрибани кенг ўрганяпмиз. Дастлабки таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қаерда ҳокимлар бутун масъулиятни ўзига олиб, чуқур ўйлаб, одамлар билан маслаҳатлашиб иш олиб бораётган бўлса, ўша жойда ҳам карантин, ҳам иқтисодиёт яхши натижа беряпти. Кўп нарса туман раҳбарларига боғлиқ. Тўртта сектор раҳбари, вилоят ҳокими, туман ва шаҳар ҳокими ўзини қийнаб, жиловни маҳкам ушласа, ўшанда натижа бўлади. 

Лекин, афсуски ҳамма жойда ҳам шундай бўлаётгани йўқ. Баъзи жойларда берилган эркинликни нотўғри тушуниб, аҳоли, айниқса, ёшлар ҳеч қандай заруратсиз кўчаларни тўлдириб юргани кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар ҳамда охирги кунларда инфекция юқтирганлар сони яна ошаётгани ҳаммамизни ҳушёр бўлишга чақирмоқда.

Бу кўримсиз душман, ажаддий инфекция. Бу шундай балоки дунёда ҳеч ким ундан қутулиш йўлини тополмаяпти. Такрор ва такрор айтаман, ҳали юртимизда карантин тугагани йўқ. Карантин тугагани йўқ. Лекин одамларимизни боқишимиз керак. Иқтисодиётни тиклашимиз керак”, дейди Шавкат Мирзиёев. 

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 2596 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 11 нафари вафот этди, 2076 киши ушбу вирусдан бутунлай соғайди. Айни вақтда даволанаётган беморлар 509 нафарни ташкил этмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

карантин Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

96

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг