86 ёшли Эрон Олий раҳбари кучли босим остида қолди

Олам

image

Эрон Ислом Республикаси Олий раҳбари, 86 ёшли Али Ҳоманаий ўзининг 36 йиллик бошқаруви давридаги энг жиддий инқироз билан юзма-юз турибди. АҚШнинг эҳтимолий ҳаво зарбалари таҳдиди кучаяр экан, Теҳрон вакиллари вазиятни дипломатик музокаралар орқали юмшатишга уринмоқда. Бу ҳақда “Reuters” ёзди.

Мамлакат ичкарисида санкциялар туфайли оғир зарба олган иқтисодиёт, ижтимоий норозилик ва қонли бостирилган намойишлар фонида сиёсий кескинлик кучайган. Январь ойидаги оммавий чиқишлар хавфсизлик кучлари томонидан қатъий чоралар билан тўхтатилган. Ўтган йили Исроил ва АҚШ зарбалари Эроннинг ядровий ва ракета объектларига жиддий талафот етказган эди.

2023 йил 7 октябрь куни Эрон қўлловидаги ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми ортидан бошланган Ғазо уруши Теҳроннинг минтақавий таъсирини сусайтирган. Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” заифлашган, Сурияда эса Башар Ассад ҳокимиятдан ағдарилган. Оқибатда Ҳоманаийнинг Яқин Шарқдаги таянчлари камайган.

Вашингтон Теҳрондан баллистик ракеталар арсеналидан воз кечишни талаб қилмоқда. Эрон эса буни Исроил таҳдидига қарши сўнгги тиювчи восита деб билади ва бу масалани муҳокама қилишдан бош тортмоқда. Ядро дастури борасида айрим ён беришларга ишора қилинган бўлсада, Ғарб ва Исроил уни потенциал қурол дастури сифатида баҳоламоқда.

Трампнинг Эронни яна бомбардимон қилиш ҳақидаги баёнотлари вазиятни янада кескинлаштирган. 2015 йилдаги ядровий келишувдан АҚШнинг чиқиши ва санкцияларнинг тикланиши Теҳрон иқтисодиётини оғир аҳволга солган. Ўша битимни Али Ҳоманаий “қаҳрамонона мослашувчанлик” тамойили асосида маъқуллаган эди.

1989 йилдан бери ҳокимият тепасида турган Ҳоманаий давлат тизими, армия ва суд ҳокимияти устидан якка назоратни сақлаб келади. У кўп бор ички норозиликларни Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (IRGC) ва “Basij” кўнгиллилар кучлари ёрдамида бостирган.

Таҳлилчиларга кўра, инқилоб, уруш ва сиёсий босимлар шароитида шаклланган асосий мақсад — Ислом Республикаси тузумини ҳар қандай нарх эвазига сақлаб қолиш. Бироқ кучайиб бораётган ташқи таҳдид ва ички босим унинг сиёсий мероси ҳамда минтақа келажагини белгилаб бериши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронга ядровий дастур ва бошқа муаммолар бўйича келишувга эришиш учун 15 кун муҳлат берган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Али Ҳоманаий Вашингтон Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг