85 йил олдинги очиқ осмон остидаги қирғин

Таҳлил

−

image

Ғазодаги оғир гуманитар вазият туфайли яҳудий халқига нисбатан муносабат яна кескинлаша бошлади. Сиднейдаги Ханука байрами вақтида уюштирилган отишма, Манчестер ва Лондонда уларга қилинган ҳужумлар бунинг яққол исботи. Исроил ҳукумати қабул қилаётган қарорлар бугун бутунбошли миллатга нисбатан нафрат алангасини қайта ёқмоқда. Ваҳоланки, ҳеч бир халқ бутунлай яхши ёки ёмон бўлмайди. Маълум мафкура остида ҳаракат қилаётган бир ҳовуч ҳокимият тепасидаги шахслар бутунбошли миллатнинг қандай эканлигини кўрсатиб бера олмайди.

Бугун халқаро майдонда “геноцид” деб тан олинаётган Ғазодаги вазият халқаро ҳуқуқ, инсонпарварликни мадҳ этувчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар учун уятли ҳолатдир. Фаластинлик аҳолига нисбатан олиб борилаётган “қирғин операциялари” туфайли дунё давлатлари Бош вазир Биньямин Нетаньяху бошчилигидаги ҳукуматни кескин танқид қилмоқда.

Аммо тарих шунга гувоҳлик берадики, яҳудий халқининг ўзи ҳам энг кўп қирғинларни бошидан кечирган элатлардан бири бўлган. Бундан 85 йил аввал, 1941 йил айнан 29–30 сентябрда, Киев четидаги дарада нацистлар армияси 33 мингдан ортиқ яҳудийни қириб юборди. Бу воқеа тарихда “Бабий Яр Холокости” номи билан қолди. Бугун ана шу фожианинг тафсилотлари ҳақида гаплашамиз.

Очиқ осмон остидаги қирғин

1941 йилнинг ёзида Адольф Гитлер бошчилигидаги нацистлар Германияси Совет Иттифоқига бостириб кирди. 19 сентябрь куни немис қўшинлари Киевни эгаллади. Шаҳар ҳали босқиннинг дастлабки кунларидаги тартибсизликлардан чиқиб улгурмаган, аҳолининг бир қисми эвакуация бўлиб улгурган, бошқалари эса янги ҳокимият қандай қарорлар чиқаришини кутаётган эди.

Киев босиб олингач, 20–28 сентябрь кунлари Совет махфий хизмати (НКВД) томонидан олдиндан ўрнатилган портловчи қурилмалар ишга тушди ва шаҳарнинг турли нуқталарида портлашлар юз берди. Бу эса антисемитизмни нафақат шахсий қараш, балки давлат мафкураси даражасига олиб чиққан Адольф Гитлер қўшини учун яҳудийларни қиришга зўр баҳона бўлди.

1939 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Киевда 175 000 дан ортиқ яҳудий яшаган. 1941 йил июнь ойида яқин атрофдаги қишлоқ ва туманлардан келганлар билан бу кўрсаткич 220 000–230 000 киши атрофида бўлган. Немис қўшинлари шаҳарга яқинлашаётгани сабабли совет ҳукумати томонидан амалга оширилган эвакуация ҳамда Қизил Армия сафига сафарбарлик натижасида 160 000 га яқин яҳудий Киевни тарк этишга ёки шарққа қочишга улгурган. Қолганларнинг тақдири эса нацист қўшинларининг қўлида қолган.

26 сентябрь куни немис ҳарбий губернатори Курт Эберхард, “Ҳимоя отряди” (Schutzstaffel) ва полиция раҳбари Фридрих Еккельн ҳамда “Einsatzgruppe C” қўмондони Отто Раш иштирокида йиғилиш ўтказилди ва Киевда яҳудийларини қиргин қилиш режаси ишлаб чиқилди.

Шундан сўнг Киев кўчаларида эълонлар пайдо бўлди. Уларда шаҳардаги барча яҳудийлардан 29 сентябрь куни эрталаб соат 8:00 да Мельников ва Дегтярёвская кўчалари кесишмасига келиш талаб қилинди. Одамларга ҳужжатлари, пуллари, қимматбаҳо буюмлари, иссиқ кийимлари ва бошқа зарур нарсаларини олиб келиш буюрилди. Эълонда кўрсатилган манзилга келмаган яҳудийлар отиб ташланиши айтилди.

Минглаб оддий яҳудийлар “бизни эвакуация қилишади” деган хаёлда, ҳамма нарсасини кўтариб, белгиланган манзил томон отланади. Улар орасида ҳарбийликка алоқаси йўқ минглаб эркаклар, аёллар, бегуноҳ болалар бор эди. Нацистлар дастлаб атиги 5–6 минг киши келишини кутганди, бироқ 30 мингдан ортиқ яҳудий эрта тонгдан манзилга етиб келади. Одамлар оқими тинмасди, барча қимматбаҳо буюмларини, ҳужжатларини кўтариб олган инсонлар “ўз ажали” томон шошилишарди.

Бунча одамни бирданига ўлдириш имконсиз эди. Улар қочиб кетмаслиги, тўполон кўтармаслиги керак бўлган. Шунда ҳарбийлар қатлгоҳ сифатида Бабий Яр дарасини танлайди. Унинг узунлиги тахминан 150 метр, эни 30 метр эди, чуқурлиги эса 15 метрга яқин бўлган.

Одамлар гуруҳ-гуруҳ қилиб жарликка туширилган ва автоматлардан ўққа тутилган. Ўлганлар жасади ўша ерда териб қўйилган. Кейинги гуруҳ эса аввалгиларнинг жасадлари устига ётқизилган. Шу тариқа қирғин икки кун давом этган. Бабий Яр дарасида ўликлардан тепаликлар ҳосил бўлган.
1941 йил 29–30 сентябрь кунлари 33 771 нафар яҳудий Бабий Ярда отиб ташланди. Бу рақам нацистларнинг ўзининг “Einsatzgruppe C” ҳисоботида қайд этилган.

Нацистлар ҳеч қандай амалий мақсадсиз, шунчаки яҳудийларни отиб ташлайверган. На ўзини ҳимоя қилиш, на қўрқитиш, на бошқа тайинли сабаб бўлган. Шунчаки минглаб инсонлар яҳудий оилада дунёга келгани учун ўлиб кетаверган.

Бабий Ярни қайтарилиши

Аммо фожиа 30 сентябрь куни тугамади. Кейинги ойлар давомида минглаб одамлар яна шу жарликка олиб келинди ва отиб ташланди. Бабий Яр нацистларнинг севимли қатлгоҳларидан бирига айланганди. Қурбонлар орасида умуман урушга алоқаси йўқ яҳудийлардан ташқари совет ҳарбий асирлари, украиналик тинч аҳоли ва бошқа этник гуруҳлар ҳам бор эди. Бу ҳудудда кейинчалик “Сирец” концлагери ҳам ташкил этилди. Маҳбуслар оғир шароитларда сақланди ва қатл қилинди. Бабий Яр эса нацистлар Киевни тарк этгунига қадар қатл жойи бўлиб қолди.

1941–1943 йиллар давомида Бабий Яр ва унинг атрофида ҳалок бўлганларнинг умумий сони бўйича турли маълумотлар (ёки рақамлар) мавжуд, ҳатто баъзи манбаларда умумий кўрсаткич 100 мингдан 150 минггача бўлган рақамлар учрайди.

1943 йилнинг ёзида, Совет қўшинлари Киевга яқинлашаётган бир пайтда, нацистлар Бабий Ярда кўмилган жасадларни қазиб чиқариш ва йўқ қилишга киришди. Бу ишга маҳбуслар мажбуран жалб қилинди. Жасадлар махсус тайёрланган улкан гулханларда ёқилди. Айрим гувоҳликларга кўра, бир вақтнинг ўзида тахминан 1 500 жасад ёқилган ва бундай кремация (жасадни ёқиш) ишлари қарийб 40 кун давом этган. Энг даҳшатлиси, кейин бу ишга жалб қилинган маҳбусларнинг ўзи ҳам ўлдирилган.

1943 йил 6 ноябрда биринчи Украина фронти генерал-полковниги Николай Ватутин қўмондонлигида Киев нацистлар босқинидан озод қилинди. 1946 йилнинг январь ойида эса Киевда ҳарбий трибунал бўлиб ўтди. Унда Украина ва Киев ҳудудида тинч аҳолини оммавий қириш ва вайронагарчиликлар учун айбланган 15 нафар юқори мартабали немис зобити ҳамда “Ҳимоя отряди” ходимлари устидан суд жараёни ўтказилди. Уларнинг 12 нафари ўлим жазосига ҳукм қилиниб, шаҳар марказидаги майдонда осиб ўлдирилди.

Шунга қарамай, совет ҳукумати мафкуравий тамойил туфайли марҳумларни хотирлашга чекловлар қўйди. 1976 йилда Бабий Ярда “Нацизм устидан қозонилган ғалаба”га бағишланган биринчи расмий совет ёдгорлик мажмуаси очилди. 1991 йил сентябрда, СССР парчаланиши ва Украина мустақилликка эришиши арафасида Киевда Бабий Яр фожиасининг 50 йиллиги муносабати билан илк бор яҳудий халқи хотирасига бағишланган расмий ёдгорлик – “Менора” (яҳудийларнинг 7 тармоқли шамдони шаклидаги ҳайкал) ўрнатилди. 2016 йилдан эътиборан Бабий Яр ҳудудини дунёдаги энг йирик Холокост мемориал мажмуаларидан бирига айлантириш бўйича халқаро лойиҳа бошланди. 2021 йилда очилган, китоб кўринишидаги, ноёб архитектура намунасига эга синагога-монументи қурилди. Ҳудуд бўйлаб қурбонларнинг исмлари ўқиб эшитиладиган товушли устунлар, отишма содир бўлган жойларни моделлаштирувчи кўзгули ва металл инсталляциялар ўрнатилди.

Умуман олганда, бу ҳикоядан мақсад, биргина сигнални оммага етказишдан иборат: ёвузликнинг миллати ёки дини бўлмайди.

(Эътибор берган бўлсанггиз, биз мақолада нацистлар сўзини муқобили сифатида немис армияси ёки бошқа миллатлар номини ишлатмадик. Негаки, қатлларни содир этганлар бир гуруҳ аскарлар холос, гарчи улар орасида германияликлар улуши катта бўлса-да, немислар орасида бу урушга қаршилар бўлган. Худди бугун Ғазо фожиасини ёқламайдиган яҳудийлар бўлгани каби.)


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг