81 ёшли Йовери Мусевени 7-марта Уганда президентлигига сайланди
Олам
−
16 Январь 1880 2 дақиқа
1986 йилдан бери ҳокимиятда қолаётган 81 ёшли Уганда Президенти Йовери Мусевени мамлакатда интернет тўлиқ ўчирилган шароитда кеча, 15 январь куни бўлиб ўтган сайловларда еттинчи муддатга қайта сайланди. Бу ҳақда сайлов комиссияси эълон қилган дастлабки натижаларга таяниб, BBC хабар берди.
Сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Мусевени 76,25 фоиз овоз тўплаган. Унинг асосий рақиби – мусиқачи ва мухолифат етакчиси Боби Вайн 19,85 фоиз овоз олган. Қолган олти номзод эса бошқа овозларни бўлиб олган. Мусевени сайловдан сўнг “агар фирибгарлик бўлмаса”, 80 фоиз атрофида овоз олишини кутаётганини айтган. Вайн эса тарафдорларини норозилик намойишларига чиқишга чақирган, бироқ ҳозирча оммавий чиқишлар кузатилмаяпти.
Мухолифат натижаларни тан олмай, овозларни сохталаштириш ҳолатлари бўлганини даъво қилмоқда. Сайлов арафасида мамлакатда интернет алоқаси тўлиқ узиб қўйилган. Бу ҳолат 2021 йилги сайловлар сценарийсини такрорлади – ўшанда ҳам интернет ўчирилган. Расмий натижаларга кўра, ўша пайтда Мусевени 59 фоиз, Вайн эса қарийб 35 фоиз овоз олган.
Сайлов куни кечқурун Вайннинг “Миллий бирлик платформаси” партияси Х ижтимоий тармоғида ҳарбийлар ва политсия пойтахт Кампала шаҳрида мухолифат етакчисининг уйини қуршаб олгани, амалда уни ва рафиқасини уй қамоғига олгани ҳақида хабар берган. Партия иддаосига кўра, куч тузилмалари панжарадан ошиб ўтиб, ҳовли ичида чодирлар тиклаган. Бироқ политсия вакили Китуума Русоке “Reuters”га берган изоҳида бундан бехабар эканини айтган.
Маълумот учун, Йовери Мусевени 1986 йилда ҳарбий тўнтариш натижасида ҳокимиятга келган. Давлат тарғиботи уни озод қилувчи ва барқарорлик кафолати сифатида тасвирлайди, танқидчилар эса уни шахсга сиғиниш муҳитини яратишда, мухолифатни қўрқитишда ва ҳокимиятни ўғли – Қуролли кучлар қўмондони Мухузи Каинеругабега топширишга ҳозирланишда айблайди.
Боби Вайн (асл исми Роберт Киагуланйи Ссентаму) – Кампаланинг камбағал маҳаллаларида улғайган машҳур мусиқачи. Унинг партияси мамлакатда соғлиқни сақлаш, таълим ва тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни қўллаб-қувватлайди.
Сайловлар арафасида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси овоз бериш “кенг кўламли репрессиялар ва қўрқитишлар” шароитида ўтаётганини маълум қилган. Сайловолди даврида хавфсизлик кучлари Вайннинг митингларида бир неча бор ўқ узган ва унинг юзлаб тарафдорларини ҳибсга олган. Мухолифат иддаосига кўра, 2021 йил ноябрида шундай митинглардан бирини тарқатиш чоғида политсия қарийб 50 кишини ўлдирган. Кейинчалик политсия раҳбарияти ҳолатни тан олиб, фақат кўздан ёш оқизувчи газ ишлатилиши керак бўлганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чилида бўлиб ўтган президентлик сайловларида консерватив қарашлари билан танилган, Республикачилар партияси вакили, 59 ёшли Хосе Антонио Каст ғалаба қозонганди.
Live
Барчаси