80 ёшли депутат Қорабоғда мина портлатди (видео)
Олам
−
03 Июнь 8577 2 дақиқа
Бугун, 3 июнь куни Озарбайжон халқ шоири, мамлакат Миллий мажлиси депутати Собир Рустамхонли Озарбайжон миналардан тозалаш миллий агентлиги томонидан Ҳорадиз қишлоғи атрофидаги ўрмонлардан топилган миналардан бирини зарарсизлантирди. Ҳолат акс этган кадрларни агентлик ўзининг расмий саҳифаларида эълон қилди.
Шундай қилиб, Ҳорадиз қишлоғи атрофидаги ўрмонлардан топилган миналардан бири зарарсизлантирилган. Агентлик бу вазифани халқ шоири Собир Рустамхонли зиммасига юклаган ва барча тайёргарлик кўрилиб, кўрсатмалар берилганидан сўнг депутат тугмани босиб, минани портлатиб юборган.
Маълумот учун, Собир Рустамхонли 1946 йил 20 майда Ярдимли тумани, Ҳамарканд қишлоғида туғилган. Озарбайжон давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. Филология фанлари доктори. Озарбайжон халқ шоири. “Шуҳрат” ордени билан тақдирланган. 40 дан ортиқ китоблар муаллифи бўлиб, улардан 15 таси хорижда нашр этилган. Рус ва форс тилларида бемалол сўзлаша олади.
У Жаҳон озарбайжонлари конгрессининг ҳамраиси. 1967 йилдан бошлаб “Адабиёт ва санъат” газетасида кичик адабий ходим, катта адабий ходим, бўлим мудири лавозимларида ишлаган. 1978 йилдан “Ёзувчи” нашриётида бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, кейин эса бош муҳаррир лавозимида фаолият юритган.
Собир Рустамхонли 1989 йилда мамлакатдаги илк мустақил ва демократик босма нашр – “Озарбайжон” газетасига асос солган ва икки йил давомида унинг бош муҳаррири бўлган. 1991 йилдан Озарбайжон Республикаси Давлат матбуот қўмитаси раиси, 1992–1995 йилларда эса матбуот ва ахборот вазири лавозимларида ишлаган.
У Фуқаролар бирдамлиги партияси раиси. Ўн иккинчи чақириқ Озарбайжон Республикаси Олий Кенгаши, биринчи, иккинчи ва учинчи чақириқ Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати бўлган.
Собир Рустамхонли Миллий Мажлиснинг Халқаро муносабатлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси. Озарбайжон–Канада парламентлараро алоқалари бўйича ишчи гуруҳи раҳбари, Швеция ва Ўзбекистон парламентлари билан алоқалар бўйича ишчи гуруҳлари аъзоси. Ислом ҳамкорлик ташкилоти Парламент Иттифоқидаги Озарбайжон делегацияси аъзоси. Оилали, 4 нафар фарзанди бор.
Live
Барчаси